Қозондан Тошкентга: “Ислом халқлари санъати” тўпламидаги ўзбек мероси намойиш этилади


🔴Шаҳрисабз сўзаналари, ипак йўрмалар билан безатилган тўқимачилик асарлари ва халқимиз маънавий меросини акс эттирувчи ноёб артефактлар – бебаҳо экспонатлар йўли




    Ислом маданияти асрлар давомида турли халқларнинг бадиий диди, маънавий олами ва ҳаётий қарашларини уйғунлаштириб, инсоният тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган. Бу жараёнда яратилган санъат асарлари — сўзана, тўқимачилик буюмлари, қўлёзма китоблар, ҳунармандчилик ва уй-рўзғор ашёлари нафақат безак сифатида, балки инсоннинг олам тузилиши, фаровонлик ва ҳимоя ҳақидаги тасаввурларини ифода этган.

 

    Ана шундай юксак аҳамиятга эга мерос намунаси Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси  Миллий музейидаги “Ислом халқлари санъати” тўпламида жамланган. Бу ноёб коллекция асрлар давомида турли халқлар томонидан яратилган бадиий асарлар орқали ислом цивилизациясининг гўзал қиёфасини намоён этади.

 

    Коллекция таркибида Ўзбекистонга оид қатор экспонатлар ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Хусусан, XIX–XX асрларга оид Шаҳрисабз сўзаналари, ипак йўрмалар билан безатилган тўқимачилик асарлари ва халқимиз маънавий меросини акс эттирувчи артефактлар бу тўпламни янада бойитмоқда. Улар юртимиз ижодкорлиги, эстетик диди ва тарихий хотирасининг жонли гувоҳи сифатида қадрланади.

 

    Айни пайтда Татаристон Республикаси Миллий музейи ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида илмий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Унинг доирасида экспозициялар, кўргазмалар ва тадқиқотлар ташкил этилиб, маданий мерос кенг жамоатчиликка етказилмоқда.

 

    Ана шу амалий ҳамкорликлар натижасида Қозонда сақланаётган мазкур экспонатлар Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида кўчма кўргазма шаклида намойиш этилиши режалаштирилган. Бу ташаббус икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлайди, шу билан бирга, ёш авлоднинг тарих ва маданиятга бўлган қизиқишини янада оширади.