37,7 метрлик меъморий мўъжиза: Улуғбекнинг асрлар ошган илмий мероси энди Тошкентда порламоқда!

 

🔴Ферузаранг коинот қўриқчиси –  XV аср Самарқанди XXI аср Тошкентида қайта гавдаланмоқда

 

🔴Ислом цивилизацияси марказидаги янги илмий ва руҳий рамз сирлари




    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг энг диққатга сазовор нуқталаридан бири — бинонинг шарқий томонида қад ростлаган Улуғбек портали. Унинг меъморий қиёфаси XV аср Самарқанд мадрасаларига хос анъаналар асосида, замонавий услублар билан уйғун ҳолда яратилган.

 

     Тарихий илдизлар ва маънавий давомийлик

 

    Мирзо Улуғбек (1394–1449) — буюк давлат арбоби, илм-фан ҳомийси ва дунё миқёсида танилган олим сифатида тарихда ўчмас из қолдирган. У қурдирган мадрасалар ва расадхона асрлар давомида илм-маърифат маркази бўлиб келди. Улуғбек мадрасаси порталидаги илмга чорловчи нақшлар ва ёзувлар илмий мероснинг рамзи бўлганидек, бугунги Улуғбек портали ҳам ана шу руҳнинг замонавий давоми ҳисобланади.

 

     Меъморий тарҳ — маънавий рамз

 

    37,7 метр баландлик ва 33,7 метр кенгликка эга портал симметрия қонуниятларига мувофиқ қурилган. Бу симметрия инсон қалби ва тафаккури уйғунлигини, ички ва ташқи олам бирлигини англатади. Қанотлардаги квадрат миноралар — мукаммаллик ва миллатнинг улуғворлигини ифода этади.


    Кириш қисмидаги уч эшик — уч Ренессанс даврига ишора қилиб, юртимиздаги илм-маърифат уйғонишларини эсга солади.

 

     Ранглар ва нақшлардаги олам сири

 

    Портал ферузаранг кошинлар билан безатилган — бу ранг коинот, тинчлик ва бағрикенглик рамзи саналади. Қанотлардаги гулли гирих нақшлар Мирзо Улуғбекнинг астрономик кашфиётларига ишора қилади, айрим жойларда олам харитаси ва метагалактика моделлари акс этган.

 

     Эпиграфика — илм ва маърифатга чорлов

 

    Порталда сулс ва куфий хатларда оят ва ҳадислар ёзилган. Жумладан, “Ўқи!” (“Алақ” сураси, 1-оят) каби илоҳий даъватлар инсонни илмга чорлайди. Пештоқ ва равоқлардаги ҳар бир ёзув маънавий ва ахлоқий тарбия мактаби сифатида хизмат қилади.

 

     Маънавият уйғонишининг рамзи

 

    Портал қанотларидаги ўнта равоқ — исломнинг беш асосий амали ва маънавий камолот босқичларини эслатади. Ҳар бир равоқда келтирилган ҳадислар инсонни ниятга садоқат, камтарлик ва билимга интилишга чорлайди.

 

    Улуғбек портали — бу шунчаки меъморий обида эмас. У илм, маърифат ва маънавият уйғунлигини намоён этувчи тимсол, Ислом цивилизацияси марказининг маънавий юраги. Унинг ҳар бир нақши ва ҳар бир ояти келувчиларни илмий изланишга, фикр уйғонишига ва юксак маънавият сари чорлайди.

 

 

Дурдона Расулова

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.