Йирик қурилишлар, илм-фан юксалиши ва сиёсий синовлар тарихи


🔴Бир давр, бир инсон, бир миллат бир экспозицияда

 

🔴“Пахта иши”дан ташқари нималар бўлган? Рашидов даври ҳақиқати янгича талқинда!

 

🔴Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясида ХХ асрдаги Ўзбекистоннинг глобал саҳнага чиқиши жараёнлари намойиш этилади. 




    ХХ асрнинг иккинчи ярми Ўзбекистон тарихида улкан бунёдкорлик ва қурилишлар даври сифатида эсда қолган. Бу даврнинг энг ёрқин тимсоли – давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидовдир.

 

    1917 йилда Жиззахда туғилган Рашидов ёшликдан шеъриятга ошно бўлган, халқ, меҳнат ва ватанпарварлик руҳини қаламида ифодалаган. Аммо у фақат адабиёт майдонида эмас, балки давлат бошқаруви ва қурилиш ишларида ҳам катта из қолдирди.

 

    1966 йилги Тошкент зилзиласидан кейин Рашидов ташаббуси билан “Тошкентни қайта қуриш” дастури амалга оширилди. Кенг кўчалар, янги уй-жойлар, маданий марказлар барпо этилди. 1977 йилда эса Тошкент метроси ишга тушди — у нафақат транспорт тизими, балки нафис меъморчилик намунаси сифатида ҳам фахр билан тилга олинади.



 

     Бу даврда мамлакатда йирик иншоотлар қурилди:

 

◾️«Ўзбекистон» меҳмонхонаси (1974) – ўз даврининг энг ҳашаматли маскани

 

◾️Давлат цирки (1976) – Марказий Осиёдаги ягона замонавий цирк

 

◾️Халқлар дўстлиги саройи (1981) – маданий мулоқот майдони



 

    Чилонзор массиви, янги театрлар, музейлар, қишлоқларда мактаблар, шифохоналар – аҳоли турмуш тарзини тубдан ўзгартирган қурилишлар

 

    Рашидов даври иқтисодий ривожланиш билан ҳам ёдда қолди. Чорвоқ ГЭС, Навоий ИЭС, Мурунтов олтин кони, Газли газ кони, йирик саноат корхоналари – республиканинг иқтисодий салоҳиятини оширди.

 

    Шу билан бирга, маданий ҳаётда ҳам юксалиш кузатилди: Абу Райҳон Берунийнинг 1000 йиллиги нишонланди, Темурийлар даврига бағишланган симпозиумлар ўтказилди, илмий институтлар сони икки баробарга кўпайди.

 

    Албатта, бу давр зиддиятли жараёнлар билан ҳам хотирада қолган. “Пахта иши” билан боғлиқ воқеалар Рашидов номини сиёсий танқид марказига айлантирди. Бироқ кейинги йилларда унинг номи оқланди, ҳайкаллар ўрнатилди, кўчаларга номи берилди.

 

     Шароф Рашидов – ижодкор ва  шоир

 

    Шароф Рашидов аввало адабиётга шоир сифатида кириб келди. Унинг илк йирик асари — «Чегарачи» достони 1937 йилда нашр этилиб, ёш ижодкорнинг истеъдодини кенг намоён қилди.

 

    Иккинчи жаҳон уруши йилларида Рашидов ҳам қалами билан фронтга сафарбар бўлди. Фашизмга қарши нафрат, жасорат ва ғалаба умиди билан ёзилган «Қахрим» (1945) тўплами ана шу даврнинг руҳини ифода этди.

 

    Урушдан кейин у халқнинг оғир меҳнатини, янги ҳаёт қуриш йўлидаги изтироб ва қувончларини адабиёт орқали акс эттиришга интилди. Қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш мавзусига бағишланган «Ғолиблар» қиссаси (1953), “Қудратли тўлқин”, “Бўрондан кучли” романлари ўша йиллардаги энг долзарб масалалардан бирига айланди.


    Бугунги кунда Ислом цивилизацияси марказидаги “Шароф Рашидов: давлат арбоби ва адиб” медиалойиҳаси ана шу тарихий даврни қайта ҳис қилиш имконини беради. Мультимедиа маҳсулотлар, ҳужжатли фильмлар ва қимматли экспонатлар томошабинни ХХ асрга, қурилиш ва янгиланиш руҳига қайта олиб боради.



Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.