65 метрли мўъжиза: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази гумбази остидаги сирлар

 

🔴Тошкентда пайдо бўлган янги рамз 

 

🔴Осмон, нур ва илм мужассам бўлган мўъжиза



 

    Ўзбекистон пойтахтида қурилиши якунланаётган Ислом цивилизацияси маркази – нафақат мамлакат, балки бутун минтақа учун энг йирик маънавий-маърифий масканлардан бирига айланади. Ҳозирда марказда безак-пардозлаш ва экспонатларни жойлаштириш ишлари қизғин кечмоқда.

 

    Марказнинг энг муҳташам ва маҳобатли қисми – 65 метрли улкан гумбаз. У нафақат меъморий мўъжиза, балки чуқур рамзий маъноларга эга иншоот сифатида алоҳида аҳамият касб этади.



 

    Ранглар тили – осмон ва нур уйғунлиги


    Гумбазда ҳукмрон кўк ва туркуаз ранглар осмон, руҳий поклик ва хотиржамликни англатса, олтин тусли безаклар улуғворлик ва илоҳий нур тимсоли ҳисобланади. Оқ ранг эса бутун композицияга поклик ва муқаддаслик руҳини бағишлайди.

 

    Шакл ва нақшлар – илоҳийлик рамзи


    Гумбазнинг ярим шар кўриниши осмоннинг чексизлигини, пастки қисмидаги юлдузсимон шакллар эса барқарорлик ва тартибни ифодалайди. Гириҳ нақшлари – илоҳий тартиб ва чексизлик рамзи, юлдузсимон нақшлар – илм ва нур белгиси, арабеск безаклар эса ҳаёт ва янгиланиш маъносини беради.

 

    Умумий композиция – инсон ва Аллоҳ ўртасидаги кўприк


    Ранглар тўйинганлиги юқоридан пастга қараб пасайиб бориши “илоҳий нурнинг ерга тушиши”ни эслатади. Симметрия эса диққатни марказга, яъни ягона Яратганга қаратади.

 

     Марказ гумбази нафақат меъморий гўзаллик намунаси, балки осмон ва ер, илм ва маънавият, илоҳийлик ва инсониятни уйғунлаштирувчи рамзий кўприк сифатида қад ростламоқда.

 

Лайло Абдукаххарова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.