Бир асрлик ҳақиқат: раҳбарлар, қарорлар ва халқ тақдири
ХХ аср – Ўзбекистон тарихи учун синовлар ва улкан ўзгаришлар асри бўлди. Халқимиз чор Россияси мустамлакасидан совет тузумига ўтди, кейинчалик эса мустақилликка эришди. Бу жараёнда мамлакат бошқарувида турли давр раҳбарлари туриб, ҳар бири сиёсий қарашлари, қарорлари ва амалий ишлари билан тарихда из қолдирди.

Файзулла Хўжаев (1924–1937)
Жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бири бўлган Хўжаев мамлакат маорифи, саноати ва ташқи сиёсатини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди. Марказнинг пахта сиёсати ва зўравон коллективлаштириш усулларига қарши чиққан. 1937–1938 йиллар қатағонида асоссиз айбловлар билан қатл этилган.

Акмал Икромов (1929–1937)
Ўзбекистон КП Марказий Қўмитасининг биринчи котиби сифатида ер-сув ислоҳотлари ва саноат қурилишига раҳбарлик қилди. У ҳам 1937 йилда сиёсий тозалаш қурбони бўлди.

Йўлдош Охунбобоев (1925–1943)
Ўзбекистоннинг илк раҳбарларидан бири сифатида янги конституцияни қабул қилиш ва Иккинчи жаҳон уруши даврида фронтни ресурслар билан таъминлаш ишларига бошчилик қилди.

Усмон Юсупов (1937–1950)
Катта Фарғона канали ва йирик саноат иншоотлари қурилишида муҳим роль ўйнади. Уруш йилларида республикага кўчирилган корхоналарни ишга туширишда фаол иштирок этди.

Амин Ниёзов (1950–1955)
Саноат ва энергетика соҳасидаги йирик лойиҳаларни бошлаб берди. Бироқ унинг даври сиёсий қатағонлар ва зиёлиларни таъқиб қилиш билан ҳам ёдда қолди.

Собир Камолов (1957–1959)
Кадрларни маҳаллийлаштириш ва миллий маросимларни тиклашга ҳаракат қилди, аммо Москва босими билан лавозимдан олинди.

Шароф Рашидов (1959–1983)
Тошкент зилзиласидан кейин пойтахтни қайта қуриш, метро ва саноат корхоналарини барпо этиш, Мурунтов олтин конини ўзлаштириш каби йирик лойиҳаларга бошчилик қилди. Халқаро сиёсий музокараларда фаол иштирок этди.

Иномжон Усмонхўжаев (1983–1988)
“Пахта иши” ва “ўзбеклар иши” каби сохта айбловлар авж олган даврда мамлакат раҳбари бўлди.

Рафиқ Нишонов (1988–1989)
“Перестройка” даврида ижтимоий-иқтисодий муаммоларга қарамай, сиёсий ислоҳотларни амалга ошира олмади.

Ислом Каримов (1989–2016)
Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси сифатида тарихга кирди. Янги Конституция қабул қилинди, давлат мустақиллиги халқаро миқёсда эътироф этилди.
Бу тарихий йўлнинг барча босқичлари Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг “Ўзбекистон ХХ асрда” бўлимида намоён этилади. Бу ерда ҳужжатлар, экспонатлар ва мультимедиа лойиҳалар орқали ўша давр руҳи янада яқиндан ҳис этилади.
Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди