Фарғона ҳақиқати: 2000 йиллик цивилизация сирларини бирга очамиз!
🔴“Қон терлайдиган самовий отлар”ни кўрмоқчимисиз? Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида сиз учун тарих дарвозаси очилади!
🔴Сўх топилмаси ва Чуст маданияти – ўтмишга йўлловчи калит
Фарғона водийси инсоният цивилизациясида илк давлатчилик ва маданий тараққиёт марказларидан бири сифатида алоҳида ўрин тутади. Географик жойлашуви, савдо йўлларига яқинлиги ва табиий бойликлари туфайли бу ҳудуд қадимдан одамларни ўзига жалб этган. Археологик топилмалардан маълум бўлишича, бу ерда милоддан аввалги мингйилликлардаёқ шаҳар маданияти юзага келган, деҳқончилик, чорвачилик ва ҳунармандчилик ривожланган.
Фарғонанинг сирли мероси
1894 йилда топилган Сўх топилмаси – қадимги Фарғона санъати ва маънавий дунёқарашининг нодир намунаси. Хризотил тошидан ишланган, икки бошли илон шаклидаги антиқа экспонатнинг вазифаси ҳақида турли илмий қарашлар мавжуд: айрим олимлар уни қурбонлик рамзи, бошқалар оғирлик ўлчови ёки уй хўжалигида қўлланилган асбоб деб баҳолайди.

Мазкур топилма Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилиб, тадқиқотчилар ва ёшлар учун муҳим илмий манбага айланиши кутиляпти.
Самовий отлар
Милоддан аввалги II аср Хитой манбаларида Фарғона отлари ҳақидаги маълумотлар ёзиб қолдирилган. Чжан Сяннинг таърифларига кўра, Фарғонада “қон терлайдиган самовий отлар” яшаган ва уларнинг куч-қудрати Хитой императорларини ҳайратга солган.
Самовий отлар ҳарбий қудрат тимсоли бўлиши билан бирга, маданий ва эстетик образ сифатида ҳам машҳур. Улар Хитой сарой безакларида, ҳайкалларида ва адабий асарларида акс этган. Шунингдек, Арвон тоғларидаги петроглифларда ҳам уларнинг тасвирлари сақланиб қолган.

Самовий отлар инсон меҳнати, чорвачилик маданияти ва табиат уйғунлигининг тимсоли сифатида тарихга кирган.
Илк шаҳарлар ва давлатчилик
Фарғона ҳудудида милоддан аввалги II–I асрларда Ахсикент (Юан), Косон (Гуйшан), Эйлтон (Ючен) каби йирик шаҳарлар барпо этилган. Улар мудофаа деворлари, бозор майдонлари ва ҳунармандчилик устахоналари билан ривожланган шаҳарсозликнинг илк намунасини яратган.
Ахсикент (Юан) – Фарғона давлатининг пойтахти. Унинг мудофаа деворлари мустаҳкам бўлиб, шаҳар ички қисмида ҳунармандчилик устахоналари ва бозор майдонлари мавжуд бўлган.
Косон (Гуйшан) – стратегик аҳамиятга эга марказ бўлиб, кўп қатламли мудофаа тизимлари билан машҳур.
Эйлтон (Ючен) – ёзма манбаларда тилга олинган. Милоддан аввалги II асрдаги кучли зилзила оқибатида вайрон бўлгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Чуст ва Далварзин – шаҳарсозлик жараёнларининг илк босқичини ифода этади.
Чуст маданияти аҳолиси суғорма деҳқончилик билан шуғулланган, сопол идишлар, бронза қуроллар ва зеб-зийнат буюмлари яратган. Бу уларнинг иқтисодий тараққиёти ва эстетик дидини намоён этади.

Шаҳарларнинг тузилишида қалъа, шаҳристон ва работ тартибининг мавжудлиги урбанизация жараёнлари илк даврлардан ривожланганини кўрсатади.
Давлатчилик жараёнлари
Фарғонада деҳқончилик, чорвачилик ва ҳунармандчилик аҳолининг асосий даромад манбаи бўлган. Суғорма деҳқончилик тизими тараққий этган, бу эса аҳоли турмуш даражасини оширган.
Фарғона географик жойлашуви туфайли Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо йўлларида муҳим роль ўйнаган. Хитой, Бақтрия, Суғд ва бошқа ҳудудлар билан алоқалар ривожланган.
Бу жараёнлар Фарғонада давлатчилик тизими нафақат иқтисодий, балки маданий ва ижтимоий ривожланиш билан ҳам узвий боғлиқ бўлганини кўрсатади.
Илк цивилизация бешиги
Фарғона тарихи нафақат иқтисодий, балки маданий ва ижтимоий тараққиёт жараёнлари билан ҳам узвий боғлиқ. Самовий отлар, Сўх топилмаси ва Чуст маданияти каби ёдгорликлар бу ҳудуднинг илк цивилизация бешиги сифатидаги ўрнини янада ёрқин намоён қилади.
Айниқса, Фарғона отлари – “самовий отлар” тимсоли – миллий ифтихор сифатида кўргазмада алоҳида ўрин эгаллаб, келажак авлод учун тарихий маънавий сабоқ бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бу экспозициялар махсус концепция асосида намойиш этилиши, уларнинг аҳамиятини ошириб, ёш авлод учун тарихий-маънавий сабоқ бўлиб хизмат қилмоқда.
Дурдона Расулова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди