“Бу мажмуани дунёнинг саккизинчи мўъжизаси дейиш мумкин!” – устозлар эътирофи
9 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида таълим соҳасидаги туб ислоҳотлар, уларнинг амалий натижалари ва келгуси устувор йўналишларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Давлат раҳбари яна бир бор “Мамлакатимиз келажаги билимли авлод қўлида” эканлигини алоҳида таъкидлади.
Сўнгги йилларда ана шу тамойил асосида мактабгача ва мактаб таълими тизимида янги авлод дастурлари ва ўқув қўлланмалари жорий этилмоқда, устоз ва мураббийларнинг фидокорона меҳнати муносиб қадрланмоқда.
1-октябр — Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган устозлар учун чин маънода унутилмас воқеа рўй берди — улар пойтахтимизда барпо этилаётган буюк маънавият маскани — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюришди.

Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ўқитувчи ва мураббийларни яқинлашиб келаётган касб байрами билан қутлаб, уларга Президент ғояси ва ташаббуси билан бунёд этилган мажмуанинг музей экспозицияси ҳақида қисқача тушунтириш берди.
– Аввало сиз азиз устозларни яқинлашиб келаётган касб байрамингиз билан муборакбод этаман. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ҳурматли Президентимиз "Марказга ташрифни ўқитувчилардан бошланглар", деб алоҳида топшириқ бердилар. Ташрифингиздан мамнунмиз ва пойқадамингиз қутлуғ бўлсин. Бу, албатта, биз учун ҳам шараф.
Мажмуада безак ва пардозлаш ишлари ҳали давом этмоқда. Мажмуа очилгач, сизларнинг бошчилигингизда бошқа ўқитувчилар ва ўқувчилар ҳам келиб Президентимиз ташаббуслари билан бунёд этилаётган мана шу катта мажмуаҳақиқий ўзбек халқининг ғурури бўлишига ишонч ҳосил қилишади, деган умиддамиз, – деди Марказ директори.
Бу маскан — тарихий хотира, илм-фан, тафаккур ва маънавият уйғунлашган бетакрор марказ.

Устозларнинг бу ерга ташрифи чуқур рамзий маънога эга — чунки илм йўлига илк қадам устоз билан ташланади. Марказдаги бой илмий мерос ва буюк аждодларимиз тафаккури билан танишиш ёш авлодга билим ва руҳий қувват беради.
Гулбаҳор Миржалилова, Наманган вилояти Чуст туманидаги 52-сонли ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси:
“Бу марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё илм аҳли учун муқаддас билим манбаи бўлади. Марказ расмий очилгач, мен ҳам ўқувчиларимни бу даргоҳга олиб келиб, буюк аждодларимиз мероси билан таништиришни ният қилдим”.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти доценти Исоқтой Жумановнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини бемалол саккизинчи мўъжиза дейиш мумкин.
“Биз дунёдаги етти мўъжиза ҳақида билардик. Бугун Ислом цивилизацияси марказига келиб, кўзимга ёш келди — бу жойни бемалол саккизинчи мўъжиза деб атай оламиз”, – дейди у.
Ташриф якунида марказ раҳбарияти томонидан устозларга алоҳида ҳурмат ва эътибор кўрсатилди. Бу фақат ташриф эмас, балки устоз шахсига ва уларнинг жамиятдаги беқиёс ўрнига билдирилган юксак эътироф бўлди.
Илм билан йўғрилган тарих, маънавият билан тўйинган келажак бугун янги саҳифада, устоз қадами билан бошланмоқда.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа