Жаҳон цивилизациясига туҳфа этилган олтин мерос
Қоғоз инсоният тарихидаги энг буюк ихтиролардан бири бўлиб, ёзув маданияти, илм-фан ва маърифат тараққиётида беқиёс аҳамият касб этган. Ушбу ихтиро туфайли тарихий хотира сақланиб қолди, билим авлоддан авлодга ўтди, инсоният тафаккури янги босқичга кўтарилди.
Бугунги кунда дунё бўйлаб қоғознинг юзлаб турлари ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, тарихда шундай бир алоҳида урин эгаллаган қоғоз борки, у нафақат ҳунармандчилик намунаси, балки маданий бойлик сифатида қадрланади. Бу — Самарқанд қоғози.
Қоғоз тарихи ва Самарқанднинг тарихий ўрни
Қадимда ёзувлар тош, суяк, сопол ва пергаментга битилар эди. Аммо VIII асрда бу ҳолат ўзгарди — 751 йилдаги Талос водийсидаги урушдан сўнг хитойлик усталар асир олиниб, уларнинг қоғоз тайёрлаш сирлари Самарқандга етди. Бу ерда маҳаллий ҳунармандлар ўз тажрибаларини қўшиб, мато бўлаклари асосида мустаҳкам, сифатли ва ёзув учун қулай қоғоз турини ишлаб чиқардилар. Самарқанд қоғози қисқа вақт ичида Шарқ ва Ғарб бозорларини эгаллади. Ўрта асрларда “Самарқанд султон қоғози”, “Самарқанд шойи қоғози”, “Мир Иброҳимий”, “Нимканоп қоғози” каби турлари яратилди. Улар ранг-баранглиги, мустаҳкамлиги ва махсус ишловлари билан машҳур бўлган. Айниқса, хаттотлар хатоларни осон тузатиш имкониятига эга бўлган “оҳор муҳрали” қоғозни жуда қадрлашган. Унда хатоларни тузатиш осон бўлган.
Илм ва маърифат тарғиботида Самарқанд қоғози
Самарқанд қоғози ёрдамида минглаб қўлёзма асарлар кўчирилди. Бу қоғозда фақатгина китоблар эмас, балки илм, шеърият, дин ва ҳуқуқ соҳаларидаги муҳим манбалар ёзилган. Ибн Қудома ал-Мақдисий уни мақтаб, шундай дейди:
“Хоразм камони, Шош идишлари ва Самарқанд қоғози тенгсиз эди.”
Ислом цивилизацияси марказидаги ўрни
Ҳозирда Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг исломдан аввалги даврга бағишланган экспозициясида Самарқанд қоғози алоҳида ўрин эгаллаган. Бу ерда ташриф буюрувчилар қоғоз ишлаб чиқариш жараёни, унинг тарихи ва инсоният тараққиётидаги аҳамияти билан танишадилар.
Самарқанд қоғози — дунё мероси
Самарқанд қоғози — фақат бир ҳунармандчилик маҳсулоти эмас. У — илм-фан, маданият ва тарихий хотирамизнинг асосий пойдеворларидан бири. Унинг яратилиши, ривожланиши ва тарқалиши инсониятнинг маърифатга интилиш йўлидаги буюк ютуқларидан саналади. Бугунги кунда ҳам Самарқанд қоғози нафақат музейларда, балки дунёдаги қадим ва буюк мерослар қаторида улуғланмоқда.
Дурдона Расулова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
