Мадрасалар қурдирган, тарих ёзган ва сулҳ яратган аёллар
🔴Давлат, илм ва санъатга йўл очган маликалар
🔴Сиёсат ва маърифат саҳнасининг ҳақиқий юлдузлари
Сароймулкхоним, Гавҳаршодбегим, Хонзодабегим, Гулбаданбегим... Бу номлар Темурийлар сулоласи шон-шуҳратининг ажралмас қисми. Улар фақатгина сарой маликалари бўлиб қолмаган, балки сиёсат, илм, маданият ва маърифат ривожига улкан ҳисса қўшган.
Амир Темурни тарбиялаган она
Тегина Моҳбегим – Амир Темурнинг онаси ва унинг маънавий устози. Илмга чанқоқ, заковатли бу аёл Соҳибқироннинг ёшлигидан уни билимга ундаган. Темур онадан эрта айрилгач, унинг тарбиясини опаси Қутлуғ Туркон оға давом эттирган.
Давлат маслахатчиси ва мадраса қурдирган малика
“Катта хоним” унвонини олган Сароймулкхоним нафақат Темурнинг турмуш ўртоғи, балки унинг сиёсий маслаҳатчиси бўлган. У Самарқандда мадраса қурдирган, усталарга маслаҳат берган, илм аҳлига ҳомийлик қилган.
Жаҳон маликаси
Абдураззоқ Самарқандий уни “жаҳон маликаси” деб атаган. Гавҳаршодбегим давлат ишларида ҳал қилувчи шахс бўлган: ҳоким тайинлаш, саркарда белгилаш, мукофот ва жазолар унинг розилигисиз амалга ошмасди. Ҳиротда қурдирган мадрасалари шуҳрат қозонган.
Мардлик тимсоли
1456 йилда Андижонда туғилган Хонзодабегим – Бобурнинг опаси. У зеҳн-заковати, тарих ва адабиётдан хабардорлиги билан танилган. Шайбонийхон уни сулҳ рамзи сифатида никоҳга жалб қилмоқчи бўлгани манбаларда қайд этилади.
Тарих ёзган малика
Бобурнинг қизи Гулбаданбегим “Ҳумоюннома” асари муаллифидир. Бу китоб орқали сарой ҳаёти, маросимлар, кийим-кечаклар, урф-одатлар ҳақида қимматли маълумотлар етиб келган.
Сарой нури
Жаҳонгиршоҳнинг суюкли хотини Нуржаҳонбегим нафақат гўзал, балки иқтидорли аёл бўлган. “Махфий” тахаллуси билан ғазаллар ёзган, ҳатто атир кашф қилгани манбаларда келтирилади.
Махфий тахаллуси ортидаги даҳо
Аврангзеб Оламгирнинг қизи Зебуннисо бегим шеърият, мусиқа, хаттотликда етук бўлиб, Қуръонни кўчириб ёзган ва ёддан ўқиган. У олимлар ва шоирларга ҳомийлик қилиб, илм аҳлини моддий қўллаб-қувватлаган.
Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида Темурий маликалар образлари замонавий талқинда намойиш этилмоқда. Бу – тарихни қайта ҳис этиш, маънавий меросимиз билан юзлашиш ва илҳомланиш имконидир.
Гавҳар Эшонқулова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
