Бухорода 400 йилдан бери суви қуримаган ҳовуз
🔴Тарихни сувда кўриш имкони
🔴XVII аср меъморларининг бугун ҳам ҳайратлантирадиган мероси
Бухоро — нафақат Марказий Осиёнинг, балки бутун Шарқ дунёсининг маънавий маркази. Шаҳарнинг ҳар бир кўчасида тарих нафаси сезилади. Ана шундай бетакрор манзиллардан бири — асрлар оша ўз аҳамиятини йўқотмаган Лаби Ҳовуз мажмуасидир.
Нега Лаби ҳовуз?
“Лаби Ҳовуз” форс тилидан “ҳовуз бўйи” деган маънони англатади. Бу тасодиф эмас – мажмуанинг марказидаги сунъий ҳовуз асрлар давомида шаҳарнинг ичимлик суви манбаи бўлиб келган.
XVII асрдан бугунгача
Лаби Ҳовуз 1620–1623 йилларда амир Абдулазизхон даврида Нодир Девонбеги ташаббуси билан барпо этилган. Мажмуани ташкил этувчи асосий бинолар:
◾️Кўкалдош мадрасаси – 160 дан ортиқ ҳужрага эга йирик диний таълим маркази
◾️Нодир Девонбеги хонақоси – суфийлар зиёрати ва маросимлар ўтказилган жой
◾️Нодир Девонбеги мадрасаси – дастлаб карвонсарой бўлган, кейин мадрасага айланган
Ҳовузнинг ўлчами 42×36 метр бўлиб, 4300 куб метргача сув сиғими бор. Шаҳруд канали орқали сув келтирилган.
Маданий ҳаёт маркази
Бугунги кунда Лаби Ҳовуз Бухоронинг энг гўзал масканларидан бири сифатида маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун дам олиш, концертлар ва маданий тадбирлар марказига айланган. Атрофдаги кўп асрлик тут ва зулф дарахтлари ёз кунларида салқин соя беради.
Хожа Насрулло Афанди ҳайкали
Мажмуанинг яна бир ўзига хос белгиси – халқ орасида ҳазил ва донолик рамзи бўлган Хожа Насрулло афанди ҳайкалидир. У эшак устида қўлини юрагига қўйган ҳолда, самимий табассум билан тасвирланган – сайёҳлар учун энг машҳур фотозона.
Лаби Ҳовуз – макет ва замонавий туризм маркази
Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида 80 дан ортиқ тарихий макетлар орасида Лаби Ҳовузнинг макети ҳам тайёрланмоқда. Бу нафақат тарихий меросни сақлаш, балки янги авлодга етказиш имконини яратади. Шу билан бирга, Лаби Ҳовуз атрофида маҳаллий ҳунармандлар маҳсулотлари сотилади, миллий ошхоналар фаолият юритади, кечки концертлар ва жонли мусиқа тадбирлари ўтказилади.
Лаби Ҳовуз – Бухоронинг маданий қиёфаси ва сулҳ, сукунат, суҳбат рамзи сифатида асрлардан асрларга ўтиб келаётган юрак оҳанги.
Гўзал Бекназарова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
