Жамиятдаги нуфуз, обрў ва маданий инқилоб рамзи
🔴 Асрлар оша келган қимматли мерос ва унинг ҳайратланарли тарихи
🔴 Хитой императорларига совға қилинган ноёб мато
Марказий Осиёнинг бой тўқимачилик меросида занданачи матоси алоҳида ўрин тутади. Бу мато нафақат зеб-зийнат учун ишлатилган, балки асрлар давомида жамиятдаги нуфуз ва обрў рамзи бўлиб келган.
Зандана қишлоғидан жаҳон бозорларига
Занданачи номи Бухоро яқинидаги Зандана қишлоғидан келиб чиққан. Илк бор шу ерда тўқилган ипак матолар кейинчалик Ҳиндистон, Ироқ, Эрон, Хитой ва бошқа мамлакатларга тарқалган. Бу ном юзлаб йиллар давомида ўзгармаган ҳолда сақланиб келаётгани унинг қадимийлигидан дарак беради.
Бугун дунё музейларида сақланаётган айрим парчалар матонинг нақадар обрўли бўлганини тасдиқлайди. Масалан, Белгияда сақланаётган ипак парчасида суғдча ёзув сақланиб қолгани унинг айнан Занданадан чиққанини исботлайди.
Қимматли товар ва обрў рамзи
Занданачи қадимдаги халқаро савдода энг қиммат товарлардан бири бўлган. Наршахийнинг ёзишича, Бухорода халифа вакиллари солиқларни пулда эмас, балки мато ва гилам кўринишида йиғишган. Занданачи шунчалик қиммат баҳоланганки, солиқ миқдори бир парча матога тенг бўлган.
Хитойга юборилган занданачи ҳақидаги маълумотлар эса Бухоро ипакчилик мактабининг жаҳон миқёсидаги нуфузини намоён қилади.
Устахоналар, ҳунармандлар ва Европа бозори
X–XI асрларда Бухорода “Байт ат-Тураз” устахонасида нафақат ипак, балки пахтадан ҳам занданачи тўқилган. XIV–XVI асрларга келиб эса, у Европа бозорларида оммавий савдо маҳсулотига айланиб, айниқса Болтиқбўйида энг машҳур импорт матолардан бирига айланган.
Маданий мерос сифатида
Занданачи – бу оддий мато эмас, балки бутун бир цивилизациянинг жонли гувоҳи. У Бухоро ҳунармандларининг беқиёс маҳорат ва диди ҳақида сўзлайди. Шу боис дунё музейларида у катта эҳтиром билан сақланади.
Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида Лондоннинг нуфузли аукцион савдо уйларидан сотиб олинган занданачи матосининг қадимий намунаси намойиш этилиб, меҳмонларни ўрта аср Бухоросига “саёҳат” қилдириб, халқимизнинг бой меросидан баҳраманд қилади.
Дурдона Расулова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
