Ўзбекистон – диний эркинлик ва бағрикенглик моделини таклиф этмоқда
🔴 15 мамлакат вакиллари Тошкентда: динлараро мулоқотнинг янги босқичи
🔴 Динлараро мулоқот, виждон эркинлиги ва тинчлик масалалари муҳокамада
Бугун Тошкентда 15 мамлакатдан 50 нафарга яқин етакчи эксперт, диншунос ва сиёсатчилар, халқаро ташкилот вакиллари “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форумининг илк кунида динлараро мулоқот, виждон эркинлиги ва тинчлик масалаларини муҳокама қилишди.
Шунингдек, форумнинг асосий эътиборидаги масалалар:
◾️ динлараро мулоқот ва бағрикенглик,
◾️ виждон эркинлигини таъминлаш,
◾️ диний камситишга қарши кураш,
◾️ конфессиялараро ишончни мустаҳкамлаш, геосиёсий зиддиятлар кучайган бир шароитда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдан иборат бўлди.
Форум очилишида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Русланбек Давлетов, ИҲТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Юсуф Алдобей, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафoев, LYNC вакили Крис Сайпл, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник нутқ сўзладилар.
Халқаро форум доирасида туркиялик журналист ва ёзувчи Мустафо Акиёл 2022 йилда Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган биринчи форум доирасида қабул қилинган Бухоро декларациясининг алоҳида аҳамиятини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳужжатда ҳар бир инсоннинг фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқи мустаҳкамланган.
Мустафо Акиёл, Туркия:
– Бухоро декларациясига алоҳида қиймат бағишлайдиган жиҳат – бу давлат институтлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги мувозанатга асосланган секуляризм ғоясини қўллаб-қувватлашидадир. Бу эътиборга сазовор ёндашув бўлиб, демократик институтлар ва диний ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳурматга асосланган.
БАА Фатво кенгаши раиси шайх Абдуллоҳ бин Бая қутлов видеомурожаати билан иштирок этди. У нутқида Ўзбекистоннинг қабул қилувчи томон сифатидаги ролини юқори баҳолаб, турли декларацияларнинг динлараро тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидлади.
Шайх Абдуллоҳ бин Бая, БАА:
– Ўзбекистон заминида асрлар давомида Бухоро, Самарқанд ва Хива каби ўзига хос цивилизацион илм-фан ва маданият марказлари шаклланган. Хусусан, у дунёга машҳур алломалар – Имом Бухорий, Ибн Сино ва ал-Хоразмийнинг инсоният тафаккурини ривожлантириш ва жаҳон меросини бойитишдаги беқиёс ҳиссаси бор. Бирлашган Араб Амирликлари Ўзбекистон раҳбариятининг тинчлик ва бағрикенглик қадриятларини илгари суриш йўлидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Спикер таъкидлаганидек, диний озчиликларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш – универсал тамойил ҳисобланади, динлараро мулоқотни такомиллаштириш ва виждон эркинлигини таъминлаш эса барча миллатларнинг умумий мақсадидир.
Шу нуқтаи назардан, у Форумнинг халқаро ҳамжамиятни конструктив динлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, диний таълимни ривожлантириш, сиёсий мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда диний гуруҳларни изоляция қилиш ва можароларнинг олдини олиш масалаларида бирлаштиришдаги ролини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон – динлар ва маданиятлар уйғунлиги намунаси
Шунингдек, АҚШнинг Даллас округи мусулмон жамияти маркази раҳбари имом Муҳаммад Мажиднинг таъкидлашича, Ўзбекистон бой тарихий меросга эга, турли динларнинг ўзаро ҳамжиҳатликда яшашининг ёрқин намунаси бўлган мамлакатдир. Унинг сўзларига кўра, бу ерда асрлар давомида масжидлар, черковлар ва синагогалар тинч-тотув жойлашган бўлиб, бу бағрикенглик ва ўзаро ҳурматнинг ўзига хос муҳитини акс эттиради.
Ушбу фикрни давом эттирар экан, имом ҳақли равишда Ўзбекистон “Ислом цивилизацияси дурдонаси” деб эътироф этилишини таъкидлади.
– Айнан шу заминда бунёдкорлик ва маънавий тараққиёт учун шарт-шароит шаклланган, буюк илоҳиётчилар ва олимлар меҳнат қилган, фундаментал илмий асарлар яратилган. Бу меросда Имом Ал-Бухорий, Ат-Термизий ва бошқа улуғ мутафаккирларнинг хизматлари алоҳида ўрин тутади, – деди у.
Сўзининг якунида Муҳаммад Мажид Ўзбекистоннинг бугунги кунда диний туризм маркази сифатидаги ўрнига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда кўплаб америкалик мусулмонлар мамлакатга муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун келишади, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассислар билан биргаликда халқаро конференциялар ва илмий учрашувларда фаол иштирок этишади.
Муҳокамаларимиз келажак авлодлар учун йўл кўрсаткич
Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котибининг ўринбосари Юсуф Алдобей нутқ сўзлаб, мазкур тадбирнинг алоҳида аҳамиятини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистоннинг мулоқотни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳурмат ва динлараро ҳамжиҳатликка содиқлигини ифода этади.
Юсуф Алдобей айни пайтда Ўзбекистон раҳбариятининг турли конфессияларнинг очиқ ва тинч ҳамжиҳатликда яшаш муҳитини шакллантириш борасидаги қарашлари замонавий “диний бағрикенглик эрозияси” шароитида алоҳида долзарб аҳамият касб этаётганини қайд этди.
Юсуф Алдобей, ИҲТ:
– Биз учун умумий мулоқот ва ғоялар алмашиш майдончасининг яратилиши, дин ва маданиятлар ўртасидаги уйғунлик ва виждон эркинлиги масалалари бўйича, энг тўғри вақтда рўй берди. Бу форум ҳар бир овоз эшитилиши учун ноёб имконият яратади.
Ю. Алдобей форумнинг мақсадлари тўлиқ равишда ИҲТнинг 2025 йил учун ҳаракатлар режасига мос келишини таъкидлади. Жумладан, виждон эркинлигини қўллаб-қувватлаш, мулоқот ва ҳамкорлик орқали динлараро уйғунликни ривожлантириш, шунингдек, қабул қилинган декларацияларни амалий ҳаётга татбиқ этиш шулар жумласидандир.
ИҲТ Бош котиби ўринбосари Тошкентдаги муҳокамалар аниқ тавсиялар ишлаб чиқилишига, самарали мониторинг механизмлари яратилишига ва халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланишига хизмат қилишидан ишонч билдирди.
“Бизнинг муҳокамаларимиз бу ерда, Ўзбекистонда, келажак авлодлар учун йўл кўрсаткич бўлиб, ўзаро тушуниш, ҳамкорлик ва тинчликка ҳисса қўшади”, – дея таъкидлади у.
Муҳим ҳужжат имзоланди
Форум давомида СМТИ ва Американинг “Love Your Neighbor Community” (LYNC) нодавлат ташкилоти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат диний эътиқод эркинлиги ва диний бағрикенгликни илгари суриш бўйича келгусида биргаликда иш олиб бориш учун ҳуқуқий асос яратади.
Ўзбекистон Президенти томонидан 2018 йилда илгари сурилган БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилaди.
Уейд Кюзак, LYNC раҳбари:
– СМТИ билан ҳамкорлик шунчаки яхши ғояларни муҳокама қилиш эмас, балки бу ғоялар жамиятда қандай амалга оширилиши мумкинлиги ва амалга оширилиши кераклигини амалий ривожлантиришдан иборат. Тошкентдаги “Декларациялар мулоқоти” форуми шунчаки суҳбат эмас, балки Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш соҳасидаги моделларини амалда жорий этишдир.
Форумда Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик соҳасидаги тажрибаси алоҳида қайд этилди.
11–13 сентябрь кунлари Самарқандда сайёр тадбирлар, семинарлар ва амалий учрашувлар ўтказилади. Форум якунида эса жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қабул қилиниши режалаштирилган. Унда диний озчиликлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, камситишга қарши кураш, бағрикенглик ва тинчликни тарғиб қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар жамланади.
Эслатиб ўтамиз: Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамда АҚШнинг “LYNC” (“Love Your Neighbor Community”) нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилган.
Йирик анжуманда 15 мамлакатдан 50 нафарга яқин етакчи эксперт, диншунос ва сиёсатчилар, халқаро ташкилот вакиллари иштирок этмоқда. Улар орасида Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон мусулмонлари лигаси, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Хитой, БАА ва Саудия Арабистонидан нуфузли делегациялар бор.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
