Миллат тақдирини ўзгартирган авлод
🔴 Озодлик йўлида асосий қурол — таълим! Жадидлар сабоғи
🔴 Россия маъмуриятини безовта қилган туркистонлик талабалар
XX аср бошларида Туркистон жамиятида янги уйғониш даври бошланди. Бу жараёнда жадидлар ҳаракати маърифат ва озодлик учун курашнинг асосий кучи сифатида намоён бўлди. Улар мактаблар очиш, ёшларни хорижда ўқитиш, янги билимларни ватанга олиб кириш орқали бутун миллат тақдирини ўзгартиришни мақсад қилдилар.
“Иттифоқ ал-муслимин”дан Истанбулгача
1905 йил 15 август куни Нижний Новгородда бўлиб ўтган 1-Бутунроссия мусулмонлари қурултойида мусулмонларни бирлаштириш ғояси асосида “Иттифоқ ал-муслимин” ташкил этилди. 1906 йилда Санкт-Петербургда ўтган 2-қурултойда бу ғоя расмий равишда тасдиқланди. Шу пайтдан туркистонлик зиёлилар ҳам таълимни замонавийлаштириш ва ёшларни хорижга юбориш ишларига жиддий киришдилар.
Жадидлар асосан Усмонлилар салтанатини танладилар. Чунки тил яқин, дин бир ва Туркияда Европа илм-фани тез ўзлаштирилган, таълим тизимида дунёвий фанлар йўлга қўйилган эди.
Илк жамиятлар ва хайрия ҳаракатлари
1909 йилда Бухорода Абдулвоҳид Мунзим, Ҳамидхўжа Меҳрий, Мукаммил Бурҳонов ва бошқа маърифатпарварлар “Тарбияйи атфол” жамияти ташкил этилиб, ёшларни Истанбулга ўқишга юбориш бошланди. Кейинчалик талабалар ўз йўлдошларига ёрдам бериш учун “Бухоро таъмими маориф” жамиятини тузишди.
Улардан кўзланган мақсад — янги усул мактабларини такомиллаштириш, дарслик ва қўлланмалар тайёрлаш эди. Бу жамият юзлаб иқтидорли ёшларни Туркияга юборишда катта ҳисса қўшди. Бухоролик талабаларнинг Истанбулда турли зиёлилар билан учрашувлари Россия империяси маъмуриятини жиддий ташвишга солган. Хатто амир Абдулаҳадхон Николай II га улар “фақат таҳсил олиш учун кетишган” деб ҳисобот берган.
Жадидчилик фақат Бухоро билан чекланиб қолмади. 1901 йилда Мунавварқори Абдурашидхонов Тошкентда илк жадид мактабини очди. Унинг ташаббуси билан 1909 йили “Жамияти имдодия” ташкил этилиб, кўплаб ёшлар хорижда ўқиш имконига эга бўлди. 1916 йили эса Қўқонда “Ғайрат” жамияти тузилиб, аҳоли орасида китоб ва матбуот тарқатиш, янги мактабларни дарслик ва ўқув қуроллари билан таъминлаш билан шуғулланди.
Миллатга хитоб ва чақириқ
Истанбулда таҳсил олаётган туркистонлик талабалар «Ойина» журналида “Туркистонлиларга хитоб” номли мурожаатномаларини эълон қилиб, халқни уйғонишга, жаҳолатдан қутулишга даъват этдилар. Унда:
“Эй, туркистонли биродарлар! Кўзингизни очинг, дунёни билинг, жаҳолат ичида қолган миллатимизни қутқармоқ керакдур!” — деб чақириқ йўлладилар.
Мустамлакачиларнинг хавотири
Жадидларнинг бу фаолияти мустамлакачиларни безовта қилди. Самарқандда Абдуқодир Шакурийнинг мактаби текширувдан ўтказилди, Тошкентда Мунавварқорига қарши турли айбловлар қўйилди. Генерал-губернаторлик жадидларнинг турк зиёлилари билан алоқаларини чеклашга уринишдан тўхтамади. Шу тариқа, жадидлар тузган таълим жамиятлари — “Тарбияйи атфол”, “Бухоро таъмими маориф”, “Жамияти имдодия”, “Ғайрат” каби ташкилотлар миллат тақдирини ўзгартирар даражада улкан аҳамият касб этди. Улар учун асосий қурол — таълим, асосий мақсад эса — тараққиёт ва озодлик эди.
Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
