Ўзбек шеъриятининг фахри ва халқаро эътироф тимсоли




    Ўзбек шеърияти тарихида Зулфия Исроилова ўзига хос овози, юксак бадиий савияси ва инсонийлик фазилатлари билан чуқур из қолдирган шоиралар сафидан муносиб ўрин олган. Унинг асарлари қалбни титратадиган самимий туйғулар, Ватанга садоқат, аёл қадри ва инсоний муҳаббат билан йўғрилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

 

    Зулфияхоним ижоди нафақат Ўзбекистонда, балки бутун туркий дунё ва халқаро адабий жамоатчилик томонидан ҳам юксак эътироф этилган.

 

    Машҳур озарбайжонлик шоира Марварид Дилбози Зулфия ҳақида шундай деган:

“Ажойиб табиатли кишиларни кўрганимда нодир инжу топган киши каби қувонаман. Зулфияхоним – сиз мен учун ана шу нодир инжу ва гўзал инсонлардансиз.”

 

    Рус адиби ва таржимон Константин Симонов эса шоиранинг асарларига юқори баҳо бериб, шундай таъкидлаган:

 

“Зулфия шеърлари – инсонийлик, беқиёс, оташин муҳаббат шеърларидир. У латофатли ва бир вақтнинг ўзида мустаҳкам иродали шоира эди.”

 

    Таниқли бошқирд шоири Мустай Карим эса қуйидагича эътироф билдирган:

 

“Зулфия – шеъриятнинг ўзи. Унинг шеърлари қалбимни ром этган ва миллий маданиятимизнинг узвий қисмига айланган.”

 

    Буюк қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов ҳам унинг шахсияти ва ижодига юксак баҳо бериб, шундай деган:

 

“Зулфия – нафақат шеърларида, балки ҳаётида ҳам мукаммал шахс тимсолидир.”

 

    Кабардин-болқор шоири Қайсин Қулиев эса унинг инсоний юксак фазилатларини алоҳида таъкидлаб, шундай ёзган:

 

“Зулфия – ер юзидаги барча олийжаноб ишларга қалби очиқ бўлган қудратли ва олийжаноб инсон.”

 

    Шу билан бирга, Зулфия халқаро майдонда ҳам муносиб эътирофларга сазовор бўлган. Жумладан, у “Нилуфар” халқаро мукофоти соҳибаси ҳамдир. Мазкур мукофот Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчилари ассоциацияси томонидан 1967 йилдан бошлаб адабиёт соҳасидаги ютуқлар, шунингдек, Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатини ривожлантиришдаги хизматлари учун берилади. Ўзбекистонда Зулфия билан бир қаторда К. Яшин ва С. Азимов ҳам ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланган.

 

    Ушбу эътирофлар Зулфияхонимнинг нафақат ўзбек адабиётида, балки халқаро адабий майдонда ҳам юксак ўрин тутганини кўрсатади. Зулфия Исроилова – ўзбек шеъриятининг фахри, бутун туркий адабиётнинг маънавий юлдузи сифатида қадрланади.