130 миллат, 16 конфессия, бир ватан – Ўзбекистон тажрибаси халқаро форум марказида!
Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамда АҚШнинг “LYNC” (“Love Your Neighbor Community” ) нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилган.
Йирик анжуманда 15 мамлакатдан 50 нафарга яқин етакчи эксперт, диншунос ва сиёсатчилар, халқаро ташкилот вакиллари иштирок этмоқда. Улар орасида Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон мусулмонлари лигаси, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Хитой, БАА ва Саудия Арабистонидан нуфузли делегациялар бор.
Форумнинг асосий эътиборидаги масалалар:
◾️ динлараро мулоқот ва бағрикенглик,
◾️ виждон эркинлигини таъминлаш,
◾️ диний камситишга қарши кураш,
◾️ конфессиялараро ишончни мустаҳкамлаш, геосиёсий зиддиятлар кучайган бир шароитда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдир.
Форумда Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик соҳасидаги тажрибаси алоҳида қайд этилди.
Маълумки, мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари ҳамда 16 диний конфессия тинч-тотув яшаб келмоқда. Шунингдек, 2021 йилда “Виждон эркинлиги тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилингани, Конфессиялар ишлари бўйича Кенгаш фаолияти кенгайгани, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий марказлари ва Ислом цивилизацияси маркази самарали иш олиб бораётгани таъкидланди.
СМТИ директори Элдор Ариповнинг таъкидлашича, дунёда диний зиддиятлар кучайиб бораётган бир пайтда, мазкур форум турли дин вакилларини ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик асосида бирлаштиришга хизмат қилмоқда.
“Форумнинг асосий вазифаси – маърифат ва бағрикенглик маданиятини илгари суришда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат. Биз форумни айнан “Мулоқот” деб аташимиз рамзий маънога эга. Чунки декларациялар сўзлар кучга эга бўлганида ва ниятлар умумий йўналишга айланганида туғилади. Аммо бу йўл доимо ишончли мулоқотдан бошланади – ана шу мулоқотдан ташаббуслар, лойиҳалар ва ҳамкорликлар вужудга келади“, – деди у.
Форум доирасида СМТИ ва “LYNC” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
11–13 сентябрь кунлари Самарқандда сайёр тадбирлар, семинарлар ва амалий учрашувлар ўтказилади. Форум якунида эса жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қабул қилиниши режалаштирилган. Унда диний озчиликлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, камситишга қарши кураш, бағрикенглик ва тинчликни тарғиб қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар жамланади.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
