ИЦМ экспозициясида қадимги сув иншоотларининг нусхаси ёки макети эмас, ҳақиқийси жойлаштирилади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитиш мақсадида тузилган илмий-инновацион лойиҳалар доирасида қадимги сув иншоотларини замонавий услубда намойиш этиш ишлари бошлаб юборилди. Экспозицияда тарих, бугун ва келажак уйғунлигига эътибор қаратилмоқда, ҳар бир лойиҳа эса музейлаштиришга инновацион ёндашув асосида шакллантирилмоқда.
Марказда суғориш тизимларида фойдаланилган асбоб-ускуналарнинг интерактив макетлари жойлаштирилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти директори Абдувоҳид Уразкелдиев раҳбарлигидаги олимлар гуруҳи томонидан амалга оширилмоқда.
Институт кичик илмий ходими Жавлон Қутлимуродов таъкидлашича, макетлар реал ҳаракатда бўлиб, ташриф буюрувчиларга қадимий суғориш тизими қандай ишлаганини амалда намойиш этади.
"Экспозиция учун турли хил сув иншоотлари макетларини намуна сифатида ясадик. Уларни марказга экспонат сифатида тақдим этамиз. Экспозицияда жойланган макетлар доимий иш жараёнида бўлади. Турган жойида сув тортади, сувни ҳаракатга келтиради. Бу ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотади, деб ўйлайман. Зеро, сув бор жойда ривожланиш бўлган, қадимги сув иншоотлари ўша давр цивилизацияси ҳақида сўзлайди. Айни кунларда макетларнинг ҳажми ва шакли қай тартибда бўлиши устида фикр алмашяпмиз", — деди Жавлон Қутлимуродов.
Қадимда Хоразм ҳудудида сув билан боғлиқ муаммолар бўлган. Уларни ҳал этиш учун маҳаллий олимлар томонидан турли гидротехник иншоотлар яратилган. Амударёдан тўғонсиз сув олиш, дренаж тизимлари ва суғориш йўллари каби ечимлар бу ҳудуднинг цивилизациявий ривожида муҳим ўрин тутган. Юнон, Рим ва зардуштий манбаларда Хоразмдаги сув иншоотлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Абу Райҳон Беруний ва Хоразмий каби олимлар асарларида ҳам Амударё ҳавзаси ва сув тизимлари кенг ёритилган.
Қадимги Хоразмдаги ариқлар, чиғирлар, коризлар ва сардобаларнинг борлиги, улар орқали қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш тартиби ушбу ҳудудда гидро-мелиоратив тизимлар тараққиёти юқори даражада бўлганини кўрсатади. Экспозицияда ана шу тарихий мерос интерактив равишда тақдим этилади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа