15 мамлакат вакиллари "Декларациялар мулоқоти" II халқаро форумига тўпланмоқда: жаҳон жамоатчилигига қаратилган қандай чақириқлар янграйди?


🔴Тошкент ва Самарқандда дунё диншунослари тинчлик ва тотувлик учун бирлашмоқда



 

    2025 йил 10-13 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми ўтказилади. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан АҚШнинг “Love Your Neighbor Community” (LYNC) нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилмоқда.

 

    Бу халқаро форум 2022 йилда Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўтказилган ҳамда кейинчалик БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясида расмий ҳужжат сифатида эътироф этилган Бухоро декларацияси қабул қилинган Форумнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

 

    2016 йилдан буён Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак, Пунто-дел-Эсте каби шаҳарларда ўтказилиб келинаётган мазкур анжуманлар маърифат, диний эркинлик ва бағрикенглик маданиятини илгари суришда нуфузли халқаро майдон сифатида танилган. 

 

    Ўзбекистонда бу форум илк бор 2019 йилда Тошкентда ўтказилган. Шу вақтдан бери мамлакат халқаро ҳамжамиятга ўзбек халқининг маданий-тарихий ва диний-фалсафий мероси, шунингдек, диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик йўлидаги тажрибасини намоён этиб келмоқда.

 

    Жорий йилги анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Саудия Арабистони, БАА, Индонезия ва Марказий Осиё мамлакатлари қаторида 15 давлатдан 50 га яқин етакчи диншунос, илоҳиётчи олим ва нуфузли экспертлар иштирок этмоқда.

 

    Форум якунида жаҳон ҳамжамиятига йўналтирилган Мурожаатнома қабул қилиниши режалаштирилган. Унда диний озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, экстремизмга қарши маърифат орқали курашиш, барча инсонларнинг тенг ҳуқуқлилиги ғоясига қўшилиш каби масалалар акс этади.

 

    “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми глобал хилма-хиллик шароитида бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва тинч-тотувликни мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшиши кутилмоқда.