1 миллиондан ортиқ инсонлар номидан миннатдорлик: Президент ташаббуслари самараси




    Ислом цивилизацияси марказида имконияти чекланган шахслар учун яратилган имкониятлар ўрганилди.

 

    Бугун Ўзбекистон Ногиронлар жамияти марказий бошқаруви раиси Комил Абдуллаев, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиев ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюришди.

 

    Ташриф доирасида имконияти чекланган шахслар учун яратилган имкониятлар, тўсиқсиз муҳит ва қулайликлар ҳолати ўрганилди. Бу жараён бир неча ой олдин амалга оширилган мониторингнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

 

    “Бир неча ой олдин келганимизда муайян камчиликлар бор эди. Биз таклифлар берган эдик. Бугун эса барча камчиликлар бартараф этилганини кўриб турибмиз. Аравачада юрувчилар учун қулай йўлаклар, кўзи ожизлар учун тактил плиталар, замонавий лифтлар ва эшитиш имконияти чекланган фуқаролар учун махсус кўрсаткичлар яратилган. Буни кўриб чин дилдан хурсанд бўлдик”, — деди Комил Абдуллаев.



 

    Қаҳрамон Ҳақбердиев эса марказ кутубхонасида Брайл ёзувидаги адабиётлар, кўрув имконияти заиф шахслар учун махсус ускуналар, компьютер технологиялари ва аудиокитоблар фонди мавжудлигини таъкидлаб, бу имкониятлар кўзи ожиз инсонларнинг илм олиши ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишига кенг шароит яратишини қайд этди.

 

    Жамоат ташкилотлари вакиллари ташриф сўнгида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари туфайли охирги йилларда имконияти чекланган шахсларга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади ҳамда мамлакатда яшовчи бир миллиондан ортиқ имконияти чекланган фуқаролар номидан чуқур миннатдорлик билдирди.