Бутун дунё мусулмонлари нега Тошкентга келишни орзу қилади?

 

🔴Ислом оламининг энг муқаддас мероси ҳақида ҳақиқатлар

 

🔴Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳайратланарли кашфиётни тақдим этади



 

    Ўзбекистон дунё тамаддуни тарихида ўчмас из қолдирган буюк давлатлар ворисидир. Асрлар давомида бу заминда юксак меъморчилик, санъат ва адабиёт дурдоналари яратилган. Улар ҳанузгача бутун дунёдаги ихлосмандларни ҳайратга солиб келмоқда. Мана шундай улкан меросдан бири — Ҳазрати Усмон (р.а.) даврида кўчирилган муқаддас Қуръони карим қўлёзмаси, яъни Усмон Мусҳафидир.

 

    Бу нодир қўлёзма асрлар давомида асраб-авайланиб, ҳозирда Тошкентдаги “Мўйи муборак” мадрасаси музейида сақланмоқда. Айни вақтда у 338 та варақдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири қалин терида 12 қатордан ёзилган муқаддас оятларни ўз ичига олади. Ажабланарлиси, оятларнинг катта қисми чиригани сабабли саҳифалар қоғоз билан ямалган ва оятлар уларнинг устида қайтадан ёзилган.

 

    Ҳазрати Усмон Мусҳафида Қуръоннинг 114 сурасидан бор-йўғи иккитаси — “Анъом” ва “Тоҳа” суралари тўлиқ етиб келган. Бошқа суралар ё қисман, ё умуман йўқолган. Ҳозирги ҳолатда 6236 оятдан фақат 2108 таси сақланиб қолган.

 

     Давлатнинг юксак эътибори

 

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси билан қурилаётган Ислом цивилизацияси марказида Мусҳаф учун махсус Қуръони карим зали барпо этилмоқда. Бу марказ очилгандан кейин Ҳазрати Усмон Мусҳафи ана шу залнинг марказий айвонида, замонавий муҳофаза тизимлари остида намойиш этилади.

 

    Ҳужжатларга кўра, ХХ аср бошларида Мусҳаф 353 варақдан иборат бўлган. Бир аср мобайнида унинг 15 саҳифаси йўқолиб кетган. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 8 июндаги 115-сонли “Усмон Мусҳафи”ни талаб даражасида сақлашни таъминлаш тўғрисида”ги махсус қарори қабул қилинди. Германиядан олиб келинган махсус сандиқ (саркофаг)да бу нодир асар намлик ва ҳарорат мўътадил шароитда сақланмоқда.

 

     Йўқолган саҳифалар изидан

 

    2025 йилда Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Кувайт ва Буюк Британияга амалга оширган хизмат сафарлар чоғида Мусҳафнинг йўқолган саҳифаларидан яна 7 тасини аниқлади.

 

- Хусусан, Кувайтдаги Ражаб Ториқ музейидан 6 та - 70, 80, 211, 217, 246, 340 саҳифалар, Британиядаги машҳур коллекциядан 1 та варақ  - Оли Имрон сурасининг 178-179 оятлари битилган саҳифаси топилди. Улар Тошкентдаги Мусҳафнинг айнан етишмаётган саҳифалари экани маълум бўлди, - дейди марказ илмий котиби Рустам Жабборов.

 

     Хулоса

 

    Ҳазрати Усмон Мусҳафи — нафақaт ислом оламининг энг бебаҳо қадриятларидан бири, балки инсоният тарихидаги қимматли илмий ва маданий дурдоналардан ҳамдир. Уни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш — бизнинг муқаддас бурчимиздир. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида ушбу буюк қўлёзмага муносиб эътибор қаратилиши, бинонинг марказий қисми - Қуръони карим зали ўртасида ушбу нодир манба учун махсус айвонча қурилгани, бу қадимий мусҳафни зиёрат қилиш учун замонавий шарт-шароитлар яратилиши “Ҳазрати Усмон мусҳафи”га қаратилган юксак эътибор намунасидир.

 

Дурдона Расулова

P/S :Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.