Маҳалласидан чиқолмаган даврда... Германияга йўл олган ўзбек қизлари
🔴Илм йўлидаги жасорат ва фожиа
🔴Нақадар оғир, аммо шарафли йўл қаҳрамонлари
1922 йил. Ўзбек қизининг наинки чет элга, балки қўшни маҳаллага чиқиши ҳам ғайриоддий воқеа саналган давр. Ана шундай шароитда Германияга ўқишга йўлланган 70 нафар талаба орасида икки нафар ўзбек қизи – Марям Султонмуродова ва Хайринисо Мажидхонова ҳам бор эди. Улар юксак мақсадни кўзларди: илм олиб, Ватанни тараққиёт сари етаклаш.
Бу ташаббус жадидчилик ҳаракатининг асосий ғоялари билан боғлиқ бўлиб, Туркистонни қолоқликдан қутқариш, замонавий, билимли кадрларни етиштиришга қаратилган эди. Шу мақсадда ташкил этилган “Билим ҳайъати” ҳар йили талабаларни хорижга юборишни режалаштирган. Уларнинг фикрича, “агар юзлаб ёшлар Европада билим олса, мустақилликка эришиш ва уни бошқарадиган салоҳиятли кадрлар етишиб чиқади”.
Ўша даврда Туркистон ҳукумати ихтиёрида Бухоро амиридан қолган олтинларнинг бир қисми сақланиб қолган бўлиб, айнан шу маблағ ҳисобига Германияга илк талабалар гуруҳи юборилди. Бу тарихий сафар ўша давр учун улкан жасорат эди: йигитларнинг кўпчилиги ҳатто шаҳридан ташқарига чиқмаган, қизларнинг эса маҳалласидан нарига ўтиши ҳам камдан-кам ҳолларда учрайдиган замонда улар чет эл сари йўл олдилар.
“Мажид ўрис”нинг қизи
1905 йилда Тошкентда маърифатпарвар оилада туғилган Хайринисо Мажидхонова илмга чанқоқлиги билан ажралиб турарди. Унинг отаси Мажидхон Петербург ва Москвада бўлиб, замонавий ғоялар таъсирида қизларини ҳам эркаклар каби таълим олишга даъват этарди. Бу қарашлар жамият учун ғалати туюлиб, унга жаҳолатпараст кимсалар томонидан “Мажид ўрис” деган нисбатлар бериларди.
Аммо ана шу жасоратли тарбия самарасида Хайринисо Германияда техникум ва университетда таҳсил олиб, тиббиёт ҳамда болалар педагогикасини пухта ўзлаштирди.
Тарихий учрашувлар ва асоссиз айбловлар
1927 йилда Парижга қилган саёҳатида у Мустафо Чўқай ва Аҳмад Наим каби маърифатпарварлар билан учрашиб қолади. Кейинроқ бу ҳолат унга қўйилган “жиноятлар” рўйхатига киритилади.
1928 йилда юртига қайтган Хайринисо шифокор сифатида меҳнат қилади, маҳалладаги болаларни тиббий кўрикдан ўтказади. Аммо 1937 йилдаги Сталин қатағонлари вақтида у “миллатчи ва жосус” сифатида қамоққа олинади. Китоблари мусодара қилиниб, Абдулла Қодирий ва Чўлпон асарлари билан бирга ёқиб юборилади.
1938 йил 9 октябрда СССР Олий Суди уни “немис жосуси” сифатида отувга ҳукм қилади. Ҳукм ўша куни ижро этилади.
Кейинги тақдир
1999 йил 7 октябрда Хайринисо Мажидхонова Ўзбекистон Республикаси Олий Суди томонидан тўла оқланди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейидаги “Ўзбекистон ХХ асрда” бўлимида бу фожиа “Билим йўлида...” қисқа метражли фильм орқали ёритилмоқда. Фильмда Германияда таълим олган илк ўзбек қизлари – Хайринисо Мажидхонова, Марям Султонмуродова ва Саида Шераҳмадбоеванинг илм йўли, ҳаёти ва қатағон фожиаси намоён этилади. Архив ҳужжатлари, хотиралар ва экспонатлар асосида томошабин ХХ аср бошидаги маърифатпарварлик ҳаракатининг нақадар оғир, аммо шарафли йўл бўлганига гувоҳ бўлади.
Шаҳноза Раҳмонова
П/С:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
