Ўзбек миллий нақшлари жаҳоннинг машҳур мода брендлари эътиборида
🔴Оддий безак эмас, балки асрлар ҳикояси
🔴Урфнинг янги “тили” Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида!
Ўзбекистон нақшинкор безаклари билан дунёга машҳур. Энг оддийдан тортиб, мураккаб композицияларгача яратилган нақшлар асрлар давомида меъморий обидаларни, уй-рўзғор буюмларини, кийим-кечак ва тўқимачилик маҳсулотларини безатиб келган. XIX аср ва ХХ аср бошларига келиб мамлакатнинг турли ҳудудларида ўзига хос меъморий-бадиий мактаблар шаклланиб, улар ҳажм, композиция ва услубий жиҳатлари билан фарқлана бошлади.
Энг йирик марказлар Фарғона водийси шаҳарлари, Бухоро, Самарқанд, Хива ва Тошкент бўлиб, ҳар бир ҳудуднинг нақш услуби ўзига хос ранг уйғунлиги ва шакллари билан ажралиб туради. Масалан, Фарғона усталари кўпинча кунгура шаклидаги марказий композицияни ёрқин қизил ва яшил ўсимликсимон нақшлар билан тўлдиришга иштиёқ билдиришган. Буни Марғилондаги Саид Аҳмад Хўжа мадрасаси шифт безакларида яққол кўриш мумкин.
Ўзбек нақшлари уч асосий йўналишда шаклланган: геометрик шакллар, табиат тасвирлари ва диний рамзлар. Кўпбурчаклар, юлдузлар, такрорий чизиқлар меъморчиликдан тортиб ҳунармандчилик буюмларигача қўлланилган. Гул, дарахт, мева ёки ярим ой шаклидаги нақшлар янгиланиш ва баракани, диний рамзлар эса Қуръони карим оятлари ва масжид безакларида эзгу маъноларни ифодалаган.
Давлат рамзларида ҳам ушбу анъаналар давом этади: байроқдаги мовий ранг – осмон ва тинчликни, оқ – поклик ва фаровонликни, яшил – янгиланиш ва шодумонликни, қизил эса аждодлар жасорати ва қардошликни ифодалайди. Ярим ой ва юлдузлар эса қадимий давлатчилик рамзи бўлиб, халқ бирдамлиги ва бағрикенглигини англатади.
Бугунги кунда ўзбек нақшлари нафақат меъморчилик ёки ҳунармандчиликда, балки замонавий мода ва интерьер дизайнда ҳам қайта тикланмоқда. Сўзаналар дунё подиумларида, сопол идишлар замонавий уйларда миллий руҳ олиб кирмоқда. Жаҳоннинг етакчи мода уйлари — Dior, Gucci каби брендлар коллекцияларида ўзбек нақшларидан илҳомланиши бежиз эмас.
Сўзанадаги нақшлар эса оддий безак эмас. Масалан, қизил лолалар — ёвуз кучлардан ҳимоя рамзи, такрорий доиралар эса кўз тегишидан асрайдиган қадимий туморларга ишора қилади. Демак, нақшларнинг “грамматикасини” билган киши уларни ўқий олади. Ўзбек нақшлари кўпинча Европанинг ўрта аср ёки Уйғониш даври рамзлари билан таққосланади. Масалан, ҳаёт айланишини билдирувчи свастика ҳам Марказий Осиё, ҳам Келт маданиятида машҳур бўлган. Ҳарвард университети тадқиқотчилари эса ўзбек нақшларининг айрим белгиларини Европа алкимёвий рамзларига қиёс қиладилар. Бу эса инсоният тарихида умумий эътиқод ва умидларни ифодалашга интилиш борлигини кўрсатади.
Шу билан бирга, уста каштадўзлар “мукаммалликдан қочиб”, атайлаб нақшга кичик “хато” қолдирган. Бу эътиқодга кўра, мукаммал асар ёвуз назарни ўзига жалб қилиши мумкин эди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида ҳам миллий нақшлар катта ўрин эгаллайди. “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида нақшларнинг тарихий илдизлари, рамзий маънолари ва замонавий талқинлари намойиш этилади. Шу мақсадда “Ўзбекистон нақшлари” каталоги тайёрланиб, халқ амалий санъати турлари, илмий тасниф ва каталоглаштириш ишлари кенг жамоатчиликка тақдим этилиши режалаштирилган.
Экспозициянинг энг қизиқарли қисми — интерактив панеллардир. Улар орқали ташриф буюрувчилар ўзлари нақш чизиш ва бўяш жараёнида бевосита иштирок этиш имконига эга бўладилар. Шу тариқа, миллий нақшлар нафақат томошабин, балки ижодий жараённинг бир қисмига айланади.
Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
