Олти аср аввал аждодларимиз яратган дунё харитасини кўрганмисиз?

   

   

    Тасаввур қилинг, сиз қаршингизда XV асрда чизилган дунё харитаси турибди. Бу оддий харита эмас, балки Темурийлар даври тафаккури ва илмий салоҳиятининг ёрқин намунасидир. Ушбу ноёб харита машҳур тарихчи ва географ Ҳофизи Абру қаламига мансуб бўлиб, унинг “География” асари саҳифаларида жой олган.

 

    Бугун эса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг “Иккинчи Ренессанс” бўлимида бу асар билан бир қаторда олимнинг яна бир йирик мероси – “Тарихи Ҳофизи Абру” асари ҳам намойиш этилмоқда.

 

    Беҳдодиндан чиққан “олтин қалам” соҳиби

 

    Ҳофизи Абру 1361 йилда Хуросоннинг Хавоф вилоятидаги Беҳдодин мавзесида туғилган. Унинг тўлиқ исми – Мавлоно Шиҳобиддин Абдуллоҳ ибн Лутфуллоҳ ибн Абдурашид ал-Биҳдодиний ал-Хавофий бўлиб, тарихга “Ҳофизи Абру” номи билан кирди.

 

    Ёшлигидан Ҳамадонда таълим олган олим Қуръон, ҳадис, тафсир, тарих, география, адабиёт, хаттотлик ва муҳандислик фанларида билим орттирган. Бу билимлар кейинчалик унинг тарихий-географик асарларида ёрқин намоён бўлди.

 

    Ҳофизи Абру 1430 йил 24 июнда вафот этгани ҳақида манбаларда қайд этилган.

 

    Амир Темур билан учрашув

 

    Ҳарбий юришлари давомида Амир Темур тарихчилар ва ровийларни ўз сафида олиб юриб, тарихни ёзиб боришни йўлга қўйгани маълум. Ҳофизи Абру айнан шу жараёнда буюк саркарда эътиборига тушган.

 

    1384 йилда Темурнинг Хуросон ва Эронга юриши пайтида Ҳофизи Абру Соҳибқирон билан учрашган ва шу йилларда унинг хизматини бошлаган, деб тахмин қилинади. Олимнинг “Зубдат ат-Таворих” асарида Темурнинг тарихга қизиқиши ва тарихчиларга яратган имкониятлари ҳақида қимматли маълумотлар келтирилади.

 

    Шоҳрух Мирзо давридаги илмий мерос

 

    Темур вафотидан кейин Ҳофизи Абру Шоҳрух Мирзо ҳукмронлиги даврида Ҳиротда фаолият юритди. У ерда олим тарихчи ва географ сифатида катта эътибор қозонди, саройдаги тарихчилар гуруҳига раҳбарлик қилди.

 

    Умри давомида 10 дан ортиқ асар ва рисолалар яратган Ҳофизи Абру, айниқса, “Тарихи Ҳофизи Абру” ва “География” асарлари билан тарихшунослик ва география илмида улкан из қолдирди.

 

    “Тарихи Ҳофизи Абру” асарида қадим замонлардан то муаллиф яшаган давргача бўлган воқеалар қамраб олинган. Сулолалар, уларнинг асосчилари, шажаралари ва сиёсий воқеалар изчил баён этилган.



    “Иккинчи Ренессанс” бўлими “Шоҳрух Мирзо сектори”да олимнинг ЎзР ФА Шарқшунослик институтида сақланаётган “География” асари ҳам жой олмоқда. У форс тилида яратилган иккинчи йирик географик асар бўлиб, биринчиси “Ҳудуд ул-олам” номида ёзилган. Бу машҳур тарихий-географик китобда дунёнинг доира шаклидаги харитаси ва бошқа бир қанча хариталар берилган. Бу асардаги дунё харитаси туширилган тасвир ҳам бу бўлимдан жой олмоқда. Хаританинг муҳим томонларидан бири – градус тўри чизилганидир, бу асарни географлар Ҳофизи Абрунинг шоҳ асари деб ҳисоблайдилар. Асарда ер юзидаги сувлар, тоғ-тошлар, мамлакатлар ва улардаги шаҳар-қишлоқлар, шунингдек, Форс, Кирмон, Хуросоннинг батафсил географияси ва тарихи, Мовароуннаҳр географияси баён этилган. Хусусан, Самарқанд, Бухоро, Кеш, Нахшаб, Термиз каби шаҳарлар ҳамда Жайхун, Сайхун, Мурғоб ва бошқа дарёлар, мамлакатлар, вилоятларнинг кенглик ва узунликлари кўрсатиб ўтилган, масофалар ҳамда майдонларни изоҳловчи маълумотлар келтирилган.

 

    Ноёб асарлар

 

    Ҳофизи Абру қаламига мансуб энг муҳим асарлар қуйидагилар:

 

◾️“Ҳазрат Соҳибқирон тарихи”

 

◾️“Тарихи Шоҳрух Мирзо”

 

◾️“Тарихи амиройе Сарбадория”
 

◾️“Мажмуайи Ҳофизи Абру”

 

◾️“Мажма ат-таворихи Султония”

 

◾️“Зайл” асарлари

 

    Бу асарлар XV аср Шарқ тарихшунослигини чуқур ўрганишда асосий манба сифатида хизмат қилмоқда.

 

    Илмий мероснинг замонавий аҳамияти

 

    Ҳофизи Абру нафақат тарихни қайд этган, балки уни таҳлил қилган, давр руҳини батафсил ифодалаган. Унинг асарлари ҳанузгача Санкт-Петербург, Оксфорд ва Тошкент кутубхоналарида сақланиб келмоқда.

 

    Бугунги кунда Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида улуғ олимнинг асарлари кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда. Бу эса ўрта аср Шарқ цивилизациясининг интеллектуал бойликларини янада яқиндан англаш имконини беради.

 

    Ҳофизи Абру – Темурийлар даври тарихшунослигининг “султони”, илм ва маърифатнинг абадий рамзи сифатида ёдда қолмоқда.

 

Гавҳар Эшонқулова

 

    Ушбу мақола Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг лойиҳалари доирасида амалга оширилган “Ҳофизи Абру ва унинг илмий мероси” медиалойиҳаси муаллифларининг материаллари асосида тайёрланди