Энг янги музей тажрибаси: тарих ва технология бирлашадиган маскан
🔴40 дақиқалик экскурсия шоуга айланиши кутиляпти
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарихий ва маданий меросни намойиш этиш, балки замонавий ахборот технологияларини қўллаш орқали ташриф буюрувчилар учун янги имкониятлар яратишда ҳам илғор тажрибалардан фойдаланмоқда.
Марказ экспозицияларига ўрнатилиши режалаштирилган аудио ва радио гид тизимлари меҳмонларга музей билан интерактив ва чуқурроқ танишиш имконини беради. Махсус аудиогид иловаси ҳар бир экспонат олдида автоматик тарзда маълумотни янгилаб, ташрифчининг саёҳатини табиий ва қулай тарзда таъминлайди.
Марказда ўтказилган навбатдаги илмий кенгаш йиғилишида қайд этилишича, экскурсия давомийлиги 40 дақиқадан 2 соатгача ўзгариши мумкин. Шунингдек, мобил илова ташрифдан кейин ҳам фойдаланувчи смартфонида қолиб, ойига бир марта янги кўргазмалар, тадбирлар ёки янгиликлар ҳақида push-хабарнома юбориб туради. Бу ечим музей билан узлуксиз алоқани сақлаш ва меҳмонларнинг қайта-қайта ташриф буюришига хизмат қилади.
Янги тизим орқали марказ ўз бренди ва логотипини ҳам доимий равишда намоён этади. Шу билан бирга, мобил илова орқали такси хизматлари ёки маданий тадбирларга йўлланмалар каби натив реклама имкониятлари ҳам яратилади.
Инновацион платформа сўровнома, анкета ва мини-ўйинларни қамраб олиб, ташриф буюрувчиларнинг тажрибасини янада қизиқарли қилади. Шу тариқа Ислом цивилизацияси маркази нафақат экспозиция, балки жонли мулоқот ва замонавий коммуникация майдонига айланмоқда.
Бу тизим маданий меросни кенг жамоатчиликка янада самарали етказишда муҳим қадам бўлади.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
