“Шон-шуҳрат зали”нинг сири очилди




    Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида навбатдаги йиғилишида музей экспозициясининг муҳим бўлимларидан бири — “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”нинг юқори қисми учун ишланган маҳобатли рангтасвир ва барельеф асарларнинг якунланган талқинлари муҳокама қилинди.

 

    Деворнинг қуйи қисмида инсоният ва турли цивилизациялар йўлидаги асосий босқичлар хронологик тарзда акс этган. Юқори қисмида эса 5 метр баландликдаги маҳобатли рангтасвир ва барельефлар орқали юртимиз тарихидаги турфа тамаддун феноменлари ифода этилган.

 

    Бу жараёнга мамлакатнинг етакчи рассом ва ҳайкалтарошлари жалб қилинган. Улар томонидан ишланган асарлар музей келажакда фақат маълумот манбаи эмас, балки томошабинлар учун илҳом ва завқ манбаи бўлишини таъминлайди.

 

    Шунингдек, марказнинг асосий кириш қисмида жойлашган “Шон-шуҳрат зали” учун тайёрланган асарлар тақдим этилди. 14 та равоқдан иборат бу залда илм-фан тараққиёти, табиий ва диний илмлар, шунингдек, тарихда из қолдирган қаҳрамонлар образлари мужассам этилган.

 

    Шунингдек, Марказ музейининг Иккинчи Ренессанс — Амир Темур ва Темурийлар даври бўлимига бағишланган 6 та композиция ҳам кенг муҳокама қилинди. Уларда шу даврдаги илм-фан, маданият ва давлат қурилишидаги юксалиш жараёнлари тасвирланган. 

 

— Бу бир кишининг эмас, бутун жамоанинг ижодий ғалабаси. Девордаги ҳар бир миниатюра тарихий руҳни ҳис эттиради. Марказ олимлари бу асарни катта қизиқиш билан қабул қилишди ва у Ислом цивилизацияси марказида муносиб ўрин эгаллади, — деди санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори, миниатюрачи рассом Беҳзод Хожиметов.

 

    Шу билан бирга, Сароймулкхоним, Гавҳаршодбегим ва Нодирабегим каби буюк аёллар портретлари ҳам илмий кенгаш кўригига тақдим этилди.

 

    Муҳокамада таъкидлаганидек, асарлар бир неча марта қайта ишланган ва маҳаллий ҳамда хорижий экспертларнинг таклифлари асосида такомиллаштирилган.

 

    Марказ бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров “бугунги якунланган талқинлар барча томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланган”ини алоҳида қайд этди.