Ислом цивилизацияси марказида инклюзивлик тамойилларига алоҳида эътибор қаратилмоқда

   


    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари якуний босқичга кирган бўлиб, унда замонавий меъморий ечимлар билан бир қаторда инклюзивлик тамойилларини жорий этиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилмоқда. Мазкур ёндашув марказнинг нафақат илмий-маърифий ва маданий марказ сифатидаги, балки ижтимоий адолат ҳамда тенглик тамойилларини тарғиб қилувчи маскан сифатидаги аҳамиятини янада мустаҳкамлайди.



 

    Қурилиш жараёнида имконияти чекланган шахслар учун қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш мақсадида замонавий стандартларга мос пандуслар, махсус кириш йўлаклари, кўзи ожизлар учун йўриқнома белгилар ҳамда тактил йўлаклар ўрнатилмоқда. Шунингдек, эшитишида нуқсони бўлган шахслар учун махсус мослаштирилган ахборот воситалари жорий этилиши ҳам кўзда тутилган.

 

    Мазкур ишларни жойида ўрганиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жасур Жумаев ҳамда Ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти ва Карлар жамияти вакиллари марказда амалга оширилаётган бунёдкорлик жараёнлари билан танишдилар. Учрашув давомида мутасаддиларга инклюзивлик тамойилларига тўлиқ мос келувчи шароитларни янада такомиллаштириш, мавжуд имкониятларни кенгайтириш ҳамда халқаро илғор тажрибаларни татбиқ этиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.


 

 


    Натижада, Ислом цивилизацияси маркази келгусида барча фуқаролар, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам тенг ва қулай шароит яратадиган, ҳаққоний инклюзивликни таъминловчи замонавий илм-маърифат маскани сифатида шаклланиши кўзда тутилмоқда.