Илм ва маърифат билан дунёни фатҳ қилган сулола!
🔴Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази музейининг ҳайратланарли контентлари
🔴Қадимий қўлёзмалардан сунъий интеллектгача: музей мўъжизаларида сиз кутмаган саёҳат
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — бу нафақат тарихни эслатувчи маскан, балки буюк аждодларимизнинг илмий ва маданий меросини замонавий технологиялар ёрдамида қайта жонлантирадиган маърифат даргоҳидир.
Марказга ташриф буюрган ҳар бир меҳмон учун жуда кўп ҳайратланарли тақдимотларга гувоҳ бўлишади. Исломдан аввалги даврдан бошлаб бугунги Янги Ўзбекистонгача илмий-маърифий, таҳлилий маълумотлар инновацион ёндашувлар билан намойиш этилади. Хусусан, Темурийлар сулоласи ҳукмронлик қилган Иккинчи Ренессанс даври руҳини ҳис қилиши имконияти яратилади. Чунки бу сулола давлат бошқаруви билан бирга, илм-фан ва маърифат ҳомийлигида ҳам бетакрор из қолдирган.
Юлдузларни ерга туширган олим
Марказ музейининг Иккинчи Ренессанс Темурийлар даври бўлимидаги энг ёрқин қаҳрамонлардан бири — Мирзо Улуғбек. У тарихда нафақат салтанат соҳиби, балки буюк астроном сифатида ҳам юксак обрў қозонган. Самарқандда барпо этган расадхонасидаги кузатув натижалари Европа илм-фанида асрлар давомида қўлланма бўлиб хизмат қилди. Марказ музейидаги 3D симуляциялар орқали ташриф буюрувчилар Улуғбекнинг юлдузлар ҳаракатини қанчалик аниқлик билан ҳисоблаганини яққол кўришлари мумкин.
Илм ва адабиёт ҳомийси
Улуғбекнинг отаси Шоҳрух Мирзо Ҳиротни илм ва адабиёт марказига айлантирган. Марказдаги экспозициялар орқали меҳмонлар ўша давр мадрасалари, кутубхоналари ва олимлар муҳитини виртуал саёҳатда кўриш имконига эга бўладилар.
Қўлёзмалар хазинаси бунёдкори
Ҳиротдаги энг йирик кутубхонани яратган Бойсунғур Мирзо математика, хаттотлик ва санъатни юксак қадрлаган шаҳзода эди. Марказда у билан боғлиқ экспонатлар, айниқса машҳур “Шоҳнома” нусхаси, китобат маданиятининг ноёб намунаси сифатида тақдим этилмоқда.
Маданият ҳомийси
Ҳиротда ҳукмронлик қилган Абулқосим Бобур олимлар ва ижодкорларни қўллаб-қувватлаб, маънавий муҳит ривожига ҳисса қўшган. Марказда унинг фаолияти ҳам алоҳида кўргазмалар орқали ёритилмоқда.
Табиат ва тарих энциклопедисти
Темурийларнинг буюк вакили Бобур Ҳиндистонда Бобурийлар давлатини барпо этибгина қолмай, “Бобурнома” асари орқали тарих, география, ботаника ва этнографияни қамраб олган. Марказда унинг табиат ва инсон ҳаётини тасвирлаган кузатувлари интерактив шаклда тақдим этилиб, меҳмонларга энциклопедик меросни ҳис қилиш имкони берилади.
Хулоса
Ислом цивилизацияси маркази музейида Темурий шаҳзодаларнинг илм-фан ва маърифатга қўшган ҳиссасини замонавий технологиялар, рақамли экспозициялар ва сунъий интеллект орқали намойиш этилади. Улуғбекнинг юлдузлар ҳақидаги ҳисоб-китоблари, Шоҳрух ва Бойсунғурнинг кутубхона ва адабиётга қаратган эътибори, Бобурнинг “Бобурнома”си – буларнинг барчаси нафақат тарих, балки бугунги авлод учун ҳам бебаҳо маърифат манбаидир.
Лайло Абдукаххарова
P/S :Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
