Минг йиллар қиёфаси XXI аср технологиясида жонланади

 

🔴 Сунъий интеллект аждодларимизни қандай тасвирлайди?

 

🔴 Олимлар кичик детал ҳам тарихий ҳақиқат учун муҳимлигига эътибор қаратишмоқда



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида барпо этилаётган “Биринчи Ренессанс даври” экспозицияси сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган қисқа метражли медиа-маҳсулотлар билан янада таъсирчан тарзда тақдим этилади.

 

    Мазкур фильмлар Италиянинг “Magistr art” дизайн компанияси томонидан тайёрланган бўлиб, экспозициянинг 7 та капсуласида 20 дан зиёд янги медиа-контент намойиш этилиши кўзда тутилган. Уларнинг дастлабки намуналари Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, бўлим ишчи гуруҳ аъзолари, кино ижодкорлар ҳамда соҳа олимлари иштирокида муҳокама қилинди.



 

    “Биринчи Ренессанс даври”нинг дастлабки уч капсуласи ислом динининг Мовароуннаҳрга кириб келиши ва тараққиёти, муқаддас арконлар, сўфийлик, фиқҳ, ҳадис илми ва буюк муҳаддислар меросига бағишланади.

 

    Муҳокамалар жараёнида фильмларда қиёфаларнинг нурли, либосларнинг даврга мос тарзда ишланиши, китоб жавонлари, ёзиш услуби, салла ва бош кийимлар каби тарихий деталларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

 

    Даврон Мақсудов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари:

 

— Албатта, Биринчи ренессанс даврида яшаб ўтган аждодларимизнинг аниқ қиёфалари бизгача етиб келмаган. Биз мавжуд манбаларга таянган ҳолда уларнинг тахминий тасвирларини яратамиз. Бугун кўрган фильмларимизда тасвирларнинг мантиқийлигига, шахсларнинг либослари ва уларнинг чеҳраларига алоҳида эътибор қаратдик. Масалан, аждодларимиз Ғарб олимларидан фарқли ўлароқ пат билан эмас, махсус қилқалам билан ёзишган ёки китоб жавонларида китоблар горизонталь тарзда терилгани каби жиҳатларни кадрда ўзгартириш керак. Шунингдек, кўрсатилган фильмларнинг деярли барчасида бош кийимлар ва саллаларни қайта ишлаш лозим. Ўша даврга хос либослар ва кийиниш услубини аниқ кўрсатишимиз керак.



 

    Муҳокама якунида фильмларга оид таклиф ва тузатишлар рўйхати шакллантирилиб, “Magistr art” компаниясига тақдим этилди.