Наввобнинг ҳадяси, генералнинг хазинаси – нодир қиличнинг сирли тарихи
🔴 Sotheby’s аукционида Бобурийлар мероси
🔴 Бобурийлар давридан Ўзбекистон хазинасигача
Жорий йилнинг 29 апрель куни Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида жойлашган Сотбис (Sotheby’s) аукцион уйида Филипп Мисcилье коллекциясига тегишли кўплаб нодир қилич ва ханжарлар савдога чиқарилди. Улар орасида Бобурийлар хонадони вакили Шоҳ Олам I нинг вазирларидан бири, Авадҳа вилояти наввоби Осафуд-давла томонидан инглиз армияси генерали Клод Мартинга ҳадя қилинган қилич ҳам бор эди.
Бобурийлар давлатининг “суянган тоғи”
Буюк саркарда Заҳиҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган қудратли Бобурийлар салтанати Ҳиндистоннинг катта қисмида 332 йил давомида ҳукмронлик қилди. Салтанат асрлар давомида кўплаб вилоятлар, мухтор ва ярим мустақил давлатларни ҳам ўз ичига олган. Бобурийларга бўйсунган кичик давлатлар маҳаллий сулолалар томонидан бошварилар, одатда уларнинг ҳукмдорлари Бобурийлар томонидан тайинланарди.
Ҳиндистон шимолидаги Авадҳа (Ауда) давлати ҳам Бобурийлар салтанатининг муҳим таркибий қисми ҳисобланган. Авадҳа ҳукмдори (наввоб) айни пайтда Бобурийлар саройида вазир лавозимини ҳам эгаллаган. Улардан бири Наввоб Осаф уд-давла (1748-1797) Бобурийлар салтанатининг йирик амалдорларидан бири эди. У отаси Шужоъ уд-давланинг вафотидан сўнг 1775 йилда вазирлик ва наввоблик лавозимини эгаллади.
Маълумки бу пайтда Англия ҳукумати ўзининг “Ост-Индия” компанияси воситасида Ҳиндистонни ҳар тарафлама асорат остига олаётган эди. Айниқса, Шоҳ Олам II ҳукмронлиги даврида салтанат ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий жиҳатдан таназзулга юз тутган эди. Ана шундай бир пайтда Авадҳа наввоби, вазир Осаф уд-давла бобурий ҳукмдорга садоқат билан хизмат қилди. Айниқса инглизлар билан муносабатларни назоратда ушлаш, мамлакатда тинчлик ва хавфсизликни, барқарорликни сақлашга катта ҳисса қўшди.
Осафуд-давла нафақат ўз бошқаруви остидаги Авадҳада, балки бутун Ҳиндистонда бир қатор ислоҳотларни амалга оширишга хизмат қилди. Файзобод, Лакнау сингари шаҳарларда унинг ташаббуси билан бир қанча масжиду мадрасалар, шифохоналар ва карвонсаройлар қурилди.
Инглиз армиясининг француз генерали
“Ост Индия” компанияси Ҳиндистон билан савдо-сотиқни мустаҳкамлаш мақсадида 1600 йилда ташкил қилинган. Бироқ асрлар мобайнида у ўз шакл-шамойини ўзгартириб, Британиянинг мустамлакачилик сиёсати тимсолига айланди. Кейинчалик компаниянинг ваколатлари кенгайиб, замонавий ҳарбий қурол-аслаҳалар ёрдамида Ҳиндистоннинг қатор ҳудудларини эгаллай бошлади.
Инглизларнинг Ҳиндистондаги минглаб ҳарбийлари орасида нафақат қаҳри қаттиқ саркадалар, балки санъат ва маданиятга, илм-фанга катта рағбат кўрсатувчи зиёли зобитлар ҳам бор эди. Уларнинг бири француз миллатига мансуб Клод Мартин (1735-1800) эди. У ёшлигида Шарқ тарихи ва санъатига қизиқиш билан улғайди.
Бу пайтда французлар ҳам Шарққа, айниқса Ҳиндистонга катта қизиқиш билан қарай бошлаган, 1664 йилда инглизларга тақлидан ўзларининг “Инд-Ориентал” (Indes Orientales) ширкатига асос солишган эди. Клод Мартин 16 ёшида ушбу ширкатга ишга киради ва кўп ўтмай Ҳиндистонга жўнайди. У 10 йилга яқин ушбу ширкатда офицер бўлиб хизмат қилди. 1761 йилда Ҳиндистоннинг французларга қарашли Пондичерри округи инглизлар томонидан босиб олинади. Бу тўқнашувдан французлар катта йўқотишга дуч келади. Орадан анча вақт ўтгач, Клод Мартин француз армиясига ёлланади ва шундан сўнг унинг ҳақиқий карьераси бошланади.
Бу пайтда Авадҳа вилоятида ҳам инглизларнинг катта контингенти сақланар, маҳаллий ҳукмдорлар улар билан келишиб ишлашар, сарой амалдорлари орасида инглиз амалдорлари кўпчиликни ташкил этарди.
Клод Мартин ўзининг билими, тажрибаси ва ҳаракатчанлиги билан наввоб Шужоъ уд-давланинг эътиборига тушади. Кейинчалик у отасининг тахтига ўтирган Осаф уд-давланинг буйруғига асосан давлат қуролхонасига масъул қилиб тайинланади.
Гарчи бошқа дин ва миллат вакили бўлса-да, Клод Мартин Бобурийлар салтанатига айрича ҳурмат ва эҳтиром билан ёндашарди. Ана шу садоқати ва хизматлари сабаб у ҳам Британия ҳукумати, ҳам Бобурийлар томонидан бир қатор унвонлар ва ҳадялар билан тақдирланди. 1795 йилда у Британия ҳарбий қўмондонлигидан генерал-майор унвонини олди. 1800 йилда Лакхнауда вафот этди.
Генералнинг бебаҳо хазинаси
Клод Мартин моҳир саркарда бўлиши баробарида осори-атиқаларнинг ашаддий ишқибози эди. У Ҳиндистондаги рассомлар, олимлар, шоирлар ва санъаткорлар билан доимий алоқада эди. Ҳинд рассомлари ишлаган кўплаб суратларни ўз галереяси учун қиммат нархлардан сотиб оларди.
У ўз саройида махсус музей яратган бўлиб, у ерда Ҳиндистон тарихига оид минглаб нодир экспонатлар жамланган эди. У ҳукмдорлар, яқин дўстлари томонидан берилган туҳфаларни ҳам алоҳида тўпламда жамлаб борарди.
Наввоб Осафуд-давла кунларнинг бирида унинг меҳнатларини муносиб баҳолаб, олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган қилич туҳфа қилади. Олий навли пўлатдан ишланган қиличнинг тиғ қисмида форс тилида “би ҳукми саркори олийжоҳ Наввоб Осаф уд-давла, волийи Авадҳа женрал Мартин Соҳиби “Ост Индия компани” атойи фармойи санайи 1201 ҳижрия” (“Ост Индия” компанияси генерали, соҳиб Мартин жаноблари Авадҳ волийси Осаф уд-давла зоти олийлари фармонига кўра мукофотланди) жумласи битилган. Ушбу матнга кўра, қилич милодий 1786-1787 йилларда генералга совға қилинган.
Клод Мартин бу қилични умрининг сўнггига қадар энг қиммат ҳадялар қаторида асраб келган. Генералнинг ўлимидан сўнг унинг коллекциясидаги нодир буюмлар аукционлар орқали дунёнинг турли бурчакларига тарқалади. Мазкур қилич охирги марта 1985 йилда Нью-Йоркда ўтгазилган “Сотбис” савдоларида йирик коллекцонер Филипп Миссилье (1942-2002) коллекцияси учун сотиб олинган ва №176С инвентар рақами остида сақланган. 2010-2011 йилларда Ҳиндистон ва Францияда ташкил қилинган халқаро кўргазмаларда намойиш қилинган.
Эндиликда... бу нодир қилич Бобурийлар даврининг нодир дурдонаси сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизациси маркази хазинасида сақланмоқда.
Рустам Жабборов
P/S :Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
