Қуръоннинг илк таржималари тарихи

 

🔴 Қуръонни англаш йўлидаги биринчи қадамлар

 

🔴 Маданий мерос ва тил ривожи



 

    Қуръони Карим — Аллоҳнинг каломи сифатида инсониятга нозил қилинган Муқаддас китоб. У араб тилида туширилгани боис, бу тилни билмаган халқлар уни ўқиб англашда қийинчиликка дуч келган. Шу сабабли, исломни қабул қилган турк ва форс халқлари Қуръон маъноларини ўз она тилларида ўқишга эҳтиёж сезишган.

 

    Ривоятларга кўра, Салмон Форсий “Фотиҳа” сурасини форсча таржима қилган ва мусулмонлар уни намозда ўқиган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ишни ман этмаганлари ҳам Қуръон таржималари исломнинг илк асрлариданоқ йўлга қўйилганини кўрсатади.


     Форс тилидаги илк таржималар

 

    X асрда Сомонийлар ҳукмдори Мансур ибн Нух топшириғи билан Қуръоннинг илк тўлиқ форсча таржимаси яратилди. Бу ишда Табариёнинг машҳур “Жоми’ ул-баян” асари асос сифатида олинган. Бухоро, Балх, Самарқанд ва Фарғона уламолари иштирокида араб матни сатрма-сатр форс тилига ўгирилди. Кейинчалик Насафий ва бошқа уламоларнинг асарлари орқали бу жараён XI–XII асрларда ҳам давом этди.

 

     Туркча таржималарнинг пайдо бўлиши

 

     Қуръоннинг туркча таржимаси қайси асрда амалга оширилгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Бироқ турколог олимлар илк таржималар X–XI асрлардаёқ ёзилганини қайд этади. Улар “сатр-аро” усулида — ҳар бир арабча сўз устига ёки остига туркча муқобили ёзиб борилган шаклда яратилган. Бу услуб турк тилида янги исломий атамаларнинг шаклланишига ҳам туртки берди.

 

     “Аралаш тилли” нусхалар

 

    XII–XIV асрларда қорахоний, қипчоқ ва ўғуз унсурлари аралаш ҳолда ёзилган туркий таржималар пайдо бўлди. Улар орасида энг машҳури — Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасида сақланаётган 222 варақдан иборат нусхадир. Унда арабча матн йирик ҳарфларда, туркча таржима эса кичик ёзувда сатрлар орасига киритилган. Айрим саҳифаларда ҳадислар ва тафсир изоҳлари ҳам бериб ўтилган.


    Қуръон таржималари нафақат диний маърифатни кенгайтирди, балки туркий тилларнинг бойиши ва ривожланишига ҳам катта ҳисса қўшди. Форс ва турк тилларининг бирга қўлланилиши маданий мулоқот ва бир-бирини бойитиш жараёнини кучайтирди.

 

    Бугунги кунда ҳам Тошкент, Лондон, Дублин, Машҳад каби шаҳарлардаги йирик кутубхоналарда форсча ва туркча Қуръон таржималари қўлёзмалари сақланмоқда. Бу мерос ислом цивилизацияси ва туркий халқлар тарихида улкан аҳамиятга эга.

 

Дурдона Расулова

P/S :Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.