Жанг майдонида шер, илм майдонида ҳомий бўлган ким?
🔴Геродот тарихи ва Сезар ёдномасидан улканроқ мерос
🔴Бобур даврида ислоҳотлар ва халқ розилиги
Тарих саҳнасида айрим шахслар икки хил қиёфаси билан ёдга олинади: бири – адолат тарозисини маҳкам тутган ҳукмдор, иккинчиси – илм ва санъатни қадрлаган маърифатпарвар. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам шундай сиймолардан бири бўлиб, давлат бошқарувидаги қатъияти ва маънавиятга интилиши уни буюк давлат арбоби ҳамда илм-фан ҳомийси сифатида тарихга муҳрлади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг “Иккинчи Ренессанс” бўлимидаги “Бобур сектори”да бу тарихий шахснинг ҳаёти, унинг ҳукмдорлик ишлари ҳамда илм-маърифатга ҳомийлик қилганига оид қимматли экспонатлар ўрин олган.
Бобур Мирзо темурийлар авлодидан бўлгани боис, унга ҳарбий маҳорат ва сиёсий салоҳиятни ўзида мерос сифатида мужассамлаштирган. Тарихда у баъзан қудратли шоҳ, баъзан жангларда ғолиб саркарда, баъзан эса мағлубият тотган жангчи сифатида кўринади.
Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий” асарида Бобур ёшлигидан довюрак, одобли ва инсоний фазилатлари билан ажралиб тургани таъкидланади. Тарихий ривоятлардан маълумки, 1526-йилдаги Панипат жангида ғалаба қозонган Бобур шаҳарни вайрон қилиш ўрнига, боғ барпо этишни буюради. Бу ҳолат ўша давр учун мислсиз воқеа эди. Шу орқали Бобур Мирзо ҳукмдор сифатида фақат қўшин бошлиғи эмас, балки халқнинг эртанги кунига ғамхўр давлат арбоби эканини намоён қилади.
500 йиллик бошбошдоқликка барҳам берган ҳукмдор
Инглиз тарихчиси Ж.Б. Маллесон “Ҳиндистон ҳукмдорлари. Акбар ва Мўғуллар империясининг юксалиши” китобида Бобурни “табиатан саховатли, қўл остидагиларга ғамхўр, дунёқараши улуғвор шахс” дея тасвирлаб, унинг Ҳиндистонда 500 йил давом этган тартибсизликларга барҳам берганини алоҳида таъкидлайди.
Бобур давлат бошқарувида марказлашган тизим яратиб, солиқ йиғимини тартибга солди. Авваллари рожалар томонидан тартибсиз йиғилган солиқларни исломий қоидаларга мувофиқ тизимлаштирди. “Бобурнома”да савдогарларга берилган имтиёзлар ва солиқларнинг ошкоралиги ҳақида маълумотлар келтирилади. Бу иқтисодий сиёсат кейинчалик Ҳумоюн ва Акбар даврида ҳам давом этди.
Бобурнинг энг муҳим маъмурий ислоҳотларидан бири марказлашган бошқарув тизимини яратганидир. У давлат ҳудудларини қайта тартибга солиб, уларни вилоятларга бўлиб чиқади ва ҳар бирига ҳоким тайинлайди. Шу орқали маҳаллий бошқарув устидан назоратни кучайтирди ҳамда солиқлар ва даромадларни мунтазам йиғиш имкониятини йўлга қўйди. Шунингдек, Бобур Мирзо давлатда адолат тамойилини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратди. У суд тизимини тартибга солиб, адолатли ҳукм чиқариш учун қози ва масъул шахсларни тайинлади. Бобурнинг қонун устуворлигига бўлган бу эътибори туфайли мамлакатда тартиб ва халқ орасида ишонч муҳитини мустаҳкамлади.
Икки олам бир сиймода
Бобурнинг иккинчи юзи – маърифатпарвар ва ижодкор ҳукмдор қиёфасидир. Унинг энг машҳур асари – “Бобурнома”дир. Сайфиддин Жалиловнинг “Бобур ҳақида ўйлар” китобида қайд этилишича, “Бобурнома”ни ҳатто Юлий Сезар ва Геродот асарлари билан қиёслаш мумкин. Фарқи шундаки, Сезар асари фақат Рим тарихи учун муҳим бўлса, “Бобурнома” Мовароуннаҳр, Афғонистон ва Ҳиндистон тарихи, табиати, урф-одатлари ҳақида ҳам бебаҳо маълумот беради. Шу сабабли уни “энциклопедик асар” деб аташ мумкин. “Бобурнома”да тарихий маълумотлар изчиллиги, уларда берилаётган қимматли маълумотларнинг ёзиш услубини эса Геродот асарларига ўхшатиб энг нодир манбаларидан бири сифатида баҳоланган.
Бобур илм-фан ва санъатга алоҳида эътибор қаратди. Деҳли ва Амритсарда кутубхоналар ташкил қилиб, китобларни мавзу ва тилига қараб тартиблаш тизимини жорий этди. Бу ўз даврида ноёб янгилик эди. Шунингдек, Бобур ўз ҳукмронлиги даврида фикр алмашиш ва санъатнинг гуллаб-яшнашига туртки бўлган муҳитни яратди. У олимлар, шоирлар, мусаввир ва хаттотларни қўллаб-қувватлаб, уларга ижодий муҳит яратиб берди.
Бобур Мирзо шахсияти тарихда икки қирра билан намоён бўлади: бир томондан у адолатли ҳукмдор сифатида мамлакатни мустаҳкамлашга, тартиб ўрнатишга интилган бўлса, бошқа томондан илм-маърифат, адабиёт ва санъат ҳомийси сифатида ўз номини абадийлаштирди. Унинг қилич билан амалга оширган ғалабалари, қалам билан яратган бебаҳо мероси уйғун ҳолда яшайди. Шу боис, Бобур Мирзонинг ҳаёти нафақат ўз даври балки бугунги кун учун ҳам долзарб ибрат манбаи бўлиб, давлатни бошқаришда адолат, маънавият ва маърифат уйғунлигининг ёрқин намунаси сифатида қадрланади.
Гавҳар Эшонқулова
П/С:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
