Euronews эътибор марказида Ўзбекистоннинг спорт, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги ютуқлари

 



    Нуфузли халқаро ахборот агентлиги – Euronews Ўзбекистоннинг спорт, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги ютуқлари ҳақида мақола эълон қилди. 

 

    Унда Ўзбекистон Мустақиллиги куни арафасида Президентимизнинг пойтахтда бунёд этилган Олимпия шаҳарчасига ташрифи, бу мажмуа мамлакатда спорт соҳасида эришилган катта ютуқларнинг рамзий ифодаси эканлиги, шаҳарча иншоотлари энергия тежамкорлик тамойиллари асосида барпо этилгани, энг муҳими, Ўзбекистон спортининг сўнгги ютуқлари ҳамда спортчиларимизнинг юқори натижалари эътироф этилган.


    Шунингдек, мақолада иқтисодий ўсиш ва ижтимоий ислоҳотлар ҳам қайд этилган бўлиб, сўнгги етти йил ичида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг давоми сифатида иқтисодиётда барқарор ўсиш кузатилаётганига ҳам эътибор қаратилган. Мақолада мамлакатимизнинг Жаҳон банки прогнозларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон ЯИМи 6,5 фоизга ортган, Халқаро Валюта Жамғармаси ҳисоб-китобларига кўра эса, мамлакат иқтисодиёти бу йил 130 миллиард АҚШ долларига етиши кутилаётгани ҳақида маълумотлар келтирилган.


    Бундан ташқари, пенсионерлар, нафақа олувчилар ва давлат хизматчиларининг ойликлари оширилгани, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси орқали фуқаролар ўз ҳудудларида молиялаштириш йўналишларини бевосита белгилаш имконига эга бўлгани, бугунга қадар 13 мингдан ортиқ ташаббуслар амалга оширилган бўлиб, уларга 11 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилгани ҳам мақолада ўрин олган.


    Пойтахт Тошкентда иккинчи халқаро аэропорт қурилиши режалаштирилгани ҳам эътибордан четда қолмаган. Мақолада бу жараён мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш ва пойтахтни жаҳон йўловчи оқимига янада очиқ қилишни мақсад қилишига алоҳида урғу берилган.


    Шунингдек, экологияни тиклаш ҳам устувор йўналишлардан бири эканлиги ҳақида ҳам “Яшил макон” дастури орқали Орол денгизи қуриган тубида ва бошқа ҳудудларда кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилаётгани келтирилган.


    Хулоса сифатида Ўзбекистоннинг 34 йиллиги аниқ натижалар билан нишонланаётгани эътироф этилган. Қайд этилишича, Олимпия шаҳарчаси, ижтимоий ислоҳотлар, экологик ташаббуслар ва янги инфратузилма лойиҳалари “Янги Ўзбекистон”нинг замонавий иқтисодиёт, ривожланган жамият ва фаол халқаро ҳамкорлик сари қадамларини мустаҳкамламоқда.