Амир Темур сиймоси тасвирланган тарихий миниатюраларнинг факсимиле нусхаларини чоп этиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур меросини кенг жамоатчиликка замонавий усуллар орқали етказишга қаратилган навбатдаги “Амир Темур сиймоси акс этган миниатюралар” номли медиалойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

 

Лойиҳа доирасида Амир Темур сиймоси тасвирланган тарихий миниатюраларнинг факсимилелари яратилади. Улар экспозиция таркибига киритилиб, ташриф буюрувчиларга ўзбек миниатюра санъатининг нозик жиҳатлари орқали Амир Темур даври руҳиятини ҳис этиш имконини беради. Ушбу нусхалар юксак сифатда, аслига яқин тарзда тайёрланиб, тарихий ҳақиқатни акс эттиришга хизмат қилади.

 

Шунингдек, экспозицияда замонавий технологиялар ёрдамида махсус мониторда Амир Темур сиймоси тасвирланган миниатюраларнинг ҳаракатланувчи тасвири ҳам намойиш этилади. Ушбу анимацияланган тасвирлар орқали томошабин миниатюра санъатини нафақат сурат сифатида кўриш, балки уни ҳаракатда кузатиш орқали янада чуқурроқ англаш имконига эга бўлади. Мазкур медиалойиҳа Ислом цивилизацияси марказининг маданий-маърифий фаолиятидаги муҳим қадам бўлиб, ёш авлодни тарихга қизиқтириш, Амир Темур шахсиятини санъат воситасида ёритиш ва миллий меросимизни интерактив тарзда оммалаштиришга хизмат қилади. Бу эса нафақат ўзбек тарихини, балки жаҳон тамаддунида Амир Темур тутган ўринни кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади дейиш мумкин.