XIII асрда “комил инсон” қомусини ёзган мутафаккир

🔴Ислом цивилизацияси марказидаги улуғ мутафаккир

🔴 Илм, ахлоқ ва руҳий юксалиш сарчашмаси


    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида ўрин олиши режалаштирилган  мутафаккирлар қаторида Азизуддин Насафий ҳам бор. Марказнинг асосий вазифаси – мамлакатимиз ҳудудида шаклланган бой исломий-маънавий меросни жамлаш, уни илмий асосда тадқиқ қилиш ва замонавий воситалар ёрдамида жаҳон ҳамжамиятига тақдим этишдан иборат. Насафий ана шундай мерос соҳибларидан бўлиб, XIII асрда мураккаб тасаввуфий ғояларни содда ва равон тилда шарҳлаб берган аллома сифатида тарихда алоҳида ўрин тутади.


      Ҳаёт йўли


    Азизуддин Насафий Мовароуннаҳрдаги қадимий Насаф – бугунги Қарши шаҳрида туғилган. У илм-фан ва маънавий ҳаёт ривожланган муҳитда улғайиб, тасаввуф таълимотига чуқур кириб борган. Тарихий манбаларга кўра, 1273-йилда Бухоро атрофида сиёсий нотинчлик юзага келганда Насафий Амударёдан кечиб, Хуросон томонига ўтади. Кейинчалик Керман, Исфаҳон ва Шероз шаҳарларида яшаб, охир-оқибат Эроннинг Абарқўҳ шаҳрида узоқ муддат истиқомат қилади. Айни шу ерда у 1281-йилда машҳур “Кашф ал-ҳақойиқ” асарини ёзиб тугатган. Қўлёзмалардаги маълумотларга кўра, 1292-йилда ҳам у Абарқўҳда ижод қилган.


    Насафий машҳур Кубравия тариқати шайхи Саъдиддин Ҳамавий билан мулоқот қилган. Ўз рисолаларида ҳам Ҳамавийнинг таъсири сезилади. Баъзи манбаларда эса Насафийнинг тушида Пайғамбар ва буюк шайхлар унга кўриниб, “Кашф ал-ҳақойиқ”даги ғояларни бирдан ошкор қилмасликни маслаҳат берганлари қайд этилади. Бу воқеа унинг мураккаб эзотерик қарашларни халқчил тилда ифода қилишга интилишини кўрсатади.


     Асарлари ва уларнинг тарқалиши


    Насафий ўз меросини кўплаб рисолаларида жамлаган. Энг машҳур асари “Инсон ал-комил” номи билан танилган. Шунингдек, унинг “Кашф ал-ҳақойиқ”, “Мақсад ал-ақсо”, “Баян ат-танзил” каби асарлари ҳам тасаввуф тарихида муҳим ўрин тутади.


    Унинг китоблари XV асрдан бошлаб кенг тарқалган. Қўлёзмалар Ўрта Осиё, Хуросон, Эрон ва Усмонийлар давлати ҳудудида кўпайтирилиб, кенг ёйилган. XVI асрдан бошлаб турк тилига таржима қилинган. XVII асрда Европа мамлакатларида ҳам Насафий номи танилган: 1665-йилда “Мақсад ал-ақсо”дан лотинча парчалар чоп этилган. 1867-йилда инглиз шарқшуноси Эдвард Палмер унинг асарларидан иқтибосларни инглиз тилида эълон қилган. XX асрда Марижан Моле ва Фриц Мейер каби олимлар унинг матнларини илмий таҳлил қилишган. Сўнгги йилларда эса инглиз тадқиқотчиси Ллойд Риджон Насафий асарларидан танланган қисмларни инглиз тилида нашр эттирди.


      Ғоялари


    Насафий меросининг марказида “комил инсон” ғояси туради. Унинг фикрича, инсон илм орқали ўзини ва оламни танийди, ахлоқий покланиш билан нафсини тарбиялайди, руҳий юксалиш орқали эса Ҳақиқатга яқинлашади. Бу жараён босқичма-босқич амалга ошиб, инсон мукаммалликка эришади.


    Аллома валойат (авлиёлик) ва нубувват (пайғамбарлик) ўртасидаги муносабатни ҳам кенг ёритади. Унинг таъкидлашича, руҳий йўл тутган инсонлар билим ва мақомда турли даражага кўтарилади. Насафий “аҳл-и ваҳдат” – яъни бирлик аҳли қарашларини илгари суриб, инсониятнинг ягона маънавий манбадан озиқланишини асослайди.


    Насафий асарларининг ўзига хос жиҳати – мураккаб фалсафий тушунчаларни ҳаётий мисоллар ва оддий иборалар ёрдамида изоҳлашидир. Шу сабабли унинг китоблари кенг халқ оммаси учун ҳам тушунарли бўлган.


      Хулоса


    Азизуддин Насафий – XIII асрнинг йирик тасаввуф мутафаккири. У Мовароуннаҳрда туғилиб, Хуросон ва Эрон шаҳарларида ижод қилди. “Кашф ал-ҳақойиқ”, “Мақсад ал-ақсо” каби рисолалари орқали у мураккаб ғояларни содда тилда ифодалаб, комил инсон таълимотини кенг ёйди. Унинг асарлари ўз даврида ҳам, кейинги асрларда ҳам мусулмон шарқи ва Европа тафаккурига сезиларли таъсир кўрсатган.


    Бугун Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида Насафий меросининг ўрин олиши бежиз эмас. У ўз ғоялари билан нафақат ўтмишни ёритади, балки бугунги авлод учун ҳам долзарб аҳамият касб этади: ёшларни илмга, ахлоққа ва руҳий покланишга даъват қилади. Шу боис Насафий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш – миллий маънавиятимиздан ажралмас қисм сифатида қадрланади.

 

 

Ҳусан Турсунов

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин