Султон саройининг тарихий “хати”

 

🔴 Санъат ва маданиятнинг жонли гувоҳи

 

🔴 Юксак бадиий қадриятга эга асар



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида тарихий аҳамиятга эга бўлган бетакрор артефакт — X–XI асрларга оид олтин қопламали патнис намойиш этилмоқда. Ушбу юксак бадиий қадриятга эга асар Сомонийлар амири ва Ғазнавийлар сулоласи вакили Абу Мансур ибн Сабуқтегинга мансуб экани билан алоҳида эътиборга лойиқ.

 

    Патниснинг ўлчами 37 × 22 см бўлиб, у нафақат ҳашаматли ашё, балки халқ амалий санъатининг юксак даражадаги намунаси сифатида баҳоланади. Унга хос безаклар ва ишлов бериш услубида Сомонийлар ва Ғазнавийлар даври санъатининг уйғунлиги намоён бўлади. Бу маданий узвийлик икки сулоланинг ҳунармандчилик анъаналари ривожини кўрсатади.

 

    Ушбу ноёб ёдгорликнинг Ислом цивилизацияси марказидаги экспозицияси халқимиз тарихий меросини кенг тарғиб этиш ва келажак авлодларга еткзишда муҳим аҳамият касб этади. Патнис — нафақат моддий маданият намунаси, балки тарих, санъат ва маданий мероснинг жонли гувоҳи сифатида алоҳида қадрланади.