Нафақат эркаклар, балки аёллар ҳам тариқат пешволари бўлганини биласизми?

 

🔴 Қўқоннинг икки юлдузи

 

🔴 Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказида аёл сўфий шоиралар мероси қайта кашф этилмоқда

 

    Ўзбек мумтоз адабиётини варақласак, кўпроқ эркак суфий шоирларнинг номлари тилга олинади. Тариқат пешволари ва орифлар ижоди кўп йиллардан бери тадқиқ этилиб, китоб ва мақолалар билан бойитилган. Аммо бу жараёнда аёл сўфий шоирлар, уларнинг маънавий изланишлари ва шеърий мероси кўпинча четда қолиб кетди. Девонлари йўқолиб кетган, қўлёзмалари тарқалиб, баъзилари умуман сақланмаган.

 

    Ҳолбуки, бу асарлар туркий тасаввуф тафаккурининг юксак ва нозик қатламини ташкил этади. Аёл суфийлар поэтикасидаги руҳий сезгирлик, маънавий изтироб ва илоҳий ишққа садоқат тасаввуф адабиётига ўзига хос ранг бағишлайди.

 

    Шундай унутилган мерос эгалари орасидан XIX аср охири – ХХ аср бошларидаги Қўқон адабий муҳитида етишиб чиққан икки сиймо — Шоира Хоний ва Нисо Хоним алоҳида ўрин тутади.


     Шоира Хоний: Қўқондан Маккагача йўл

 

    Шоира Хоний (асл исми Биби Марямхон) 1884 йилда Қўқон яқинида туғилган. У китобдор оилада вояга етган, отаси ва онаси илм аҳли бўлган. Кейинчалик Қодирия тариқатига мансуб бўлган Хоний шеъриятида тасаввуфий руҳиятни чуқур ифода этди.

 

    1957 йилда у ҳаж сафарига отланиб, ортга қайтмади ва ҳаётининг охирини Жиликўлда ўтказди. Шоиранинг “Мавлуднома”, “Меърожнома”, Абдулқодир Жилоний ва Баҳоуддин Нақшбанд ҳақидаги асарлари, шунингдек, достонлари ўзбек тасаввуфий адабиётининг ёрқин намунаси ҳисобланади. Бугун унинг 8000 мисрадан зиёд қўлёзмалари Фанлар академияси ва Қўқон музейларида сақланмоқда.

 

     Нисо Хоним: Нафис руҳият ва илоҳий ишқ

 

    Нисо Хоним (Иброҳим Ҳўжа қизи) 1879 йилда Қўқон яқинида туғилган. У Нақшбандия тариқатига мансуб бўлиб, шеърларида сабр, риёзат, руҳий покланиш ва илоҳий ишқ мавзуларини юксак маҳорат билан ифода этди.

 

    Хоний ва Нисо ижоди — аёл қалбидаги илоҳий изтироб ва жасоратнинг ёрқин ифодаси ҳисобланади. Улар бири Қодирия, бири Нақшбандия мактабининг эстетик меросини давом эттирди.

 

     Медиалойиҳа: унутилган меросга янги ҳаёт

 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда “ХХ аср бошларидаги Қўқон сўфий шоиралари: Нисо ва Хоний адабий мероси” медиалойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида:

 

▪️ Шоираларнинг йиғма девонлари ўзбек ва турк тилларида нашр этилади;

 

▪️ Илмий шарҳ ва таҳлилларга асосланган монографиялар тайёрланади;

 

▪️ Экспозицияда шоираларнинг портретлари, қўлёзмалари ва шеърларидан намуналар жойлаштирилади;

 

▪️ Интерактив экспонатлар ва визуал контентлар орқали бу мерос оммага тақдим этилади.

 

    Бу саъй-ҳаракатлар нафақат икки шоира шахсий меросини, балки аёл сўфий шоирлар феноменини ҳам кенг жамоатчиликка очиб бериши билан аҳамиятлидир.

 

Шаҳноза Раҳмонова
P/S:
Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин
.