Миллий мерос асраб қолинди: Божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига топширилди

🔴Асрлар қаъридан чиққан мерос



 

    Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан қонунга хилоф равишда мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетилишига уриниш оқибатида ушланган 325 дона қадимий тангалар, заргарлик буюмлари ва артефактлар мусодара қилиниб, белгиланган тартибда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи фондига вақтинча сақловга топширилди.

 

    Маданий мерос агентлиги Бадиий экспертиза бошқармаси санъатшуносларининг хулосасига кўра, ушбу ашёлар эрамиздан аввалги II–I асрлардан ХХ асргача бўлган даврни қамраб олади. Улар тарихий ва маданий қиймати юқори бўлган ноёб бойликлар сифатида баҳоланиб, тахминий қиймати салкам 400 млн сўмни ташкил этди.



 

    Яқинда “Келес темир йўл чегара божхона постида мамлакатимиз ҳудудидан яширин тарзда ноёб тарихий бойликларни олиб чиқиб кетишга уринган шахс фош қилинди. Хусусан, “Тошкент-Новосибирск рейси бўйича йўловчи поездида республикамиздан чиқиб кетаётган фуқаронинг қўл юки ва сумкалари ичида божхона ходимларининг оғзаки сўрови вақтида маълум қилинмаган 325 дона қадимий тангалар, заргарлик буюмлари, артефактлар, гиря ва камон ўқи учлари борлиги аниқланди. 

 

    “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига мувофиқ, эллик йил муқаддам ва ундан аввалроқ яратилган маданий бойликларни мамлакат ҳудудидан олиб чиқиш қатъий ман этилган. Давлат божхона хизмати органлари миллий меросимизни асраб-авайлаш ва қонунбузарликларнинг олдини олиш йўлида мунтазам чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.



 

    Шу тариқа, миллий меросимиз контрабандачилар қўлидан қутқарилиб, Божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи фондига топширилди.