Европа Фарғонийдан қандай илҳом олганини биласизми?
🔴 Голландиядан келтирилган ноёб асбоблар: илмий ва бадиий бойликни кўришни истайсизми?
🔴 Ислом илм-фани ва Марказий Осиёнинг дунёвий саҳнадаги ўрни қандай асосларга эга?

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафaқат миллий мерос, балки бутун ислом оламига дахлдор илмий ва маданий бойликларни ўз ичига олган замонавий марказга айланмоқда. Бу ерда фақат тарих эмас – фан, технология ва бадиий эстетика ҳам уйғунликда тақдим этилмоқда.
Марказ илмий экспозицияларини янада бойитиш мақсадида яқинда Голландиядан икки ноёб асбоб – Қибла кўрсатгич ва Астурлоб олиб келинди. Ушбу экспонатлар ислом илм-фанидаги муҳим кашфиётларнинг амалий намунаси ҳисобланиб, улар нафақат тарихий, балки юксак илмий ва эстетик аҳамиятга ҳам эга.
– Бу асбоблар астрономия, география ва математика соҳаларидаги улкан илмий ютуқларнинг моддий тимсоли бўлиб, Марказий Осиё олимларининг жаҳон илм-фанида тутган ўрнини намоён этади, – дейди тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Фахриддин Ибрагимов.
Қибла йўналишини аниқлаш ислом динида жуда муҳим амалий масала бўлган. Ҳозирги версияда тақдим этилаётган Қибла кўрсатгич XVII–XVIII асрлар Исфаҳонда яратилган асбоблардан илҳомланган. Унинг илмий асоси ал-Беруний ишлаб чиққан ретро-азимутал проекцияга таянади.
Бу асбобда 100 дан ортиқ шаҳарнинг координаталари жойлаштирилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги XV асрда Марказий Осиёда тузилган географик рўйхатлар асосида танланган. Асбоб диаметри – 18 см бўлиб, ундаги безаклар ва геометрия уйғунлиги уни амалий асбобдан ташқари, ҳақиқий бадиий асарга айлантиради.
Астролябия (астурлоб) – инсоният тарихидаги энг қадимий ва мураккаб астрономик асбоблардан бири. Илк элементлари милоддан аввалги II асрга бориб тақалса-да, унинг мукаммал шакли IX асрда ислом олимлари томонидан яратилган.
Аҳмад Фарғоний – астролябия назариясини такомиллаштирган олимлардан бири бўлиб, у нафақат қурилиш қоидаларини ишлаб чиққан, балки математика асосида сонли жадваллар билан таъминлаган. Шу боис, Европа астролябияларининг қурилиши айнан унинг илмий меросига асосланган.
Ислом цивилизацияси марказида намойиш этиладиган мазкур астурлоб 1555 йилда Лёвен шаҳрида ясалган Майкл Пикер дизайнидан илҳомланган. Унда анъанавий араб астурлобларининг белгиларидан ташқари, замонавий функциялар ҳам жорий этилган. Асбобнинг диаметри – 18 см.
Қибла кўрсатгич ва астурлоб – бу асбоблар орқали нафақат тарихий ютуқлар, балки бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган илм-фан анъаналари қайта ёритилмоқда. Уларнинг Ислом цивилизацияси марказида намойиш этилиши ўз навбатида ёш авлодни илмий меросимиз билан яқинроқ таништиришда муҳим қадам ҳисобланади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа