Бобурийлар даврига оид 300 йиллик ноёб ханжарни ўз кўзингиз билан кўрасиз

🔴  Ислом цивилизацияси марказида тарихга йўл очадиган экспонат

 

🔴 Ўзбекистонда илк бор қимматбаҳо тошлар билан безалган ханжар намойиш этилади!



 

    XVIII асрда Ҳиндистонда яратилган, Бобурийлар даврининг юксак ҳунармандчилик анъаналарини ифодаловчи ноёб ханжар илк бор Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилиши кутиляпти.


    Нефрит, олтин, қимматбаҳо тошлар ва пўлатдан ишланган бу ноёб артефакт 38 сантиметр узунликка эга бўлиб, пичоқ қисми 24,5 сантиметрни ташкил қилади. Ҳар бир нақш ва безаги ўша даврнинг зодагонлик маданияти, эстетик қарашлари ҳамда юксак бадиий дидини намоён этади.


    Жорий йил апрель ойида дунёнинг нуфузли Sotheby's савдо уйидан харид қилинган ушбу ханжар, Бобурийлар даврига оид яна икки ханжар ва нефритдан ясалган ханжар тутқичи мавжуд коллекцияга қўшилди. Экспонат ҳарбий жиҳатдан қимматли бўлишидан ташқари, санъат асари сифатида ҳам юксак аҳамият касб этади.


    Ушбу ноёб асар Ислом цивилизацияси марказининг қўлёзмалар, бадиий ва тарихий экспонатларидан иборат хазинасини янада бойитиб, цивилизациянинг кенг қирраларини намоён қилади.