Кисва бўлаги ва нодир Қуръонлар: Ислом цивилизацияси маркази дунёга қандай юз тутмоқда?

 

🔴 Ўзбекистоннинг янги юзи

 

🔴 Муқаддас тарихий артефактлар




    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун юртимизнинг маънавий меросини асраб-авайлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни жамоатчиликка етказишда етакчи маскан сифатида фаолият юритмоқда. Янги экспозициялар орқали марказ нафақат ислом дунёсидаги қимматли артефактларни намойиш қилади, балки тарих ва маданиятни илмий асосда ўрганиш учун ноёб имконият яратади.


    Марказ музейи экспозициядан ўрин олиши кутилаётган муқаддас Қуръон нусхалари, исломий ёзма ёдгорликлар ва Саудия Арабистони томонидан тақдим этилган Каъбанинг муқаддас кисвасининг бўлаги Ўзбекистоннинг маданий ва маънавий қудратини дунёга намоён этади.

 

     Юксак эҳтиром рамзи


    Экспозициянинг энг муҳим жиҳатларидан бири — Саудия Арабистони ҳадя қилган муқаддас Каъба кисвасининг эшик қисми бўлагидир. Бу муқаддас мато эндиликда марказда доимий сақланади, келгусида уни Қуръон залида қиблага қаратиб ўрнатиш режалаштирилган. У махсус муҳофаза тизими орқали асраб-авайланади ва ҳар йили кимёвий ишловлар билан унинг асл ҳолати таъминланади.


    Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез таъкидлаганидек, бу туҳфа нафақат моддий, балки маънавий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, араб дунёси томонидан Ўзбекистонга билдирилган юксак эҳтиромнинг рамзи саналади.



 

     “114 Қуръон” – ноёб илмий лойиҳа


    Марказнинг энг йирик илмий ташаббусларидан бири — “114 Қуръон” лойиҳасидир. Унинг доирасида жаҳоннинг турли мамлакатларида сақланаётган энг қадимий ва нодир Қуръон мусҳафлари илмий таҳлил қилинади, факсимиле нусхалари тайёрланиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилади.
 

– Бу лойиҳа нафақат илмий жиҳатдан, балки маънавий аҳамияти билан ҳам катта аҳамиятга эга. Лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири – муқаддас китобларнинг тарихий аҳамиятини ўрганиш, уларнинг санъат ва хаттотликдаги ўрнини намоён қилишдир. Айни пайтда лойиҳа доирасида араб, ўзбек ва инглиз тилларида махсус альбомлар тайёрланмоқда, – деди Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез.


    Экспозицияда Усмон мусхафи, Темурийлар даврида яратилган улкан Қуръонлар, Ўзбекхон Қуръони, шунингдек, Ҳусайн Бойқаро даврида ёзилган Қуръонлар, Бойсунғур Қуръони ва уларнинг факсимилелари ва илмий нашрлари ҳам лойиҳа доирасида давом этади.


    Илм ва маданий дипломатия кўприги


    Марказ халқаро ҳамкорликка ҳам катта эътибор қаратмоқда. Туркия, Саудия Арабистони, Россия, Англия, Миср ва бошқа мамлакатлар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик нафақат илмий тадқиқотларни, балки маданий дипломатияни ҳам ривожлантирмоқда. Санкт-Петербургдаги Шарқшунослик кутубхонаси бу йўналишдаги асосий ҳамкорлардан бири ҳисобланади.


    Келгусида марказда виртуал кўргазмалар, янги артефактлар ва янада замонавий экспозициялар ташкил этиш режалаштирилган.

 

    Маънавий ҳаёт ва туризм учун янги имкониятлар


    Ислом цивилизацияси маркази — ёшлар онгида тарихий меросга ҳурмат уйғотувчи, миллий ғурур ва маънавий қадриятларни тарғиб этувчи маскан. Шу билан бирга, у диний туризм ва маданий йўналишдаги халқаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиради.


    Хулоса қилиб айтганда, Ислом цивилизацияси маркази нафақат илмий маскан, балки Ўзбекистоннинг маданий дипломатияси ва маънавий қудратининг замонавий рамзи сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

 

 

Дурдона Расулова

P/S :Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.