Дипломатиянинг “тили”: 500 йил аввалги сирлар ва сиёсатда “пулнинг кучи”


🔴Ислом цивилизацияси маркази ўтмиш сирларини очади


🔴Давлат қудратининг рамзи ҳақида ҳақиқатлар


    Ҳар бир танга — оддий металл эмас, балки бутун бир даврнинг “паспорт”идир. Унда иқтисод, сиёсат, ҳатто ҳокимнинг қанчалик қудратли ё адолатли бўлгани ҳақида маълумот яширинган.


    Шунинг учун ҳам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўз экспозициясида нумизматикага алоҳида ўрин берди. Бу ерда тангалар ва муҳрлар орқали тарих “жонланади”: савдо карвонлари, дипломатик муносабатлар, давлат қудрати ва халқ турмуши гўё қайта саҳнага чиқади. Шу боис экспозиция нафақат олимлар учун, балки кенг аҳоли қатламлари учун ҳам бебаҳо манба ҳисобланади.


     Танга ва муҳрлар — давлат қудратининг рамзи


    Нумизматика ва сфрагистика тарих фанининг ёрдамчи соҳалари сифатида ўтмишдаги иқтисодий муносабатлар, сиёсий тизим ва маданий муҳитни ўрганишда муҳим ўрин тутади. Танга ва муҳрлар оддий айланма воситаси эмас, балки давлат ҳокимиятининг рамзи ва ҳуқуқий белгиси ҳисобланган. XV–XIX асрларда Марказий Осиёда зарб қилинган тангалар бу маънода беқиёс манба бўлиб, савдо-сотиқ, хазина сиёсати, дин ва мафкура, шунингдек, ҳокимиятнинг қонунийлиги каби муҳим масалаларни ёритиб беради.


     Шайбонийлар ва “пул кучи”


    Муҳаммад Шайбонийхон XVI аср бошларида Темурийлар сулоласи ҳукмронлигига барҳам бериб, Мовароуннаҳрда янги сиёсий ва иқтисодий тизим яратди. Унинг асосий мақсадларидан бири давлатни иқтисодий жиҳатдан барқарор қилиш эди. Шу мақсадда 1507 йилда Ҳиротни забт этгач, пул ислоҳоти амалга оширилди. Янги тизимда кумуш танганинг вазни 4,8 граммдан 5,2 граммгача оширилди. Бу оддий рақам эмас, балки савдо-сотиқда ишончни кучайтиришга хизмат қилган “иқтисодий сигнал” эди.


    Тангаларда ҳукмдор номи, унвони ва диний шиорларнинг зарб этилиши унинг ҳокимиятини расмийлаштирувчи ҳуқуқий омил ҳисобланган. Шу билан бирга, тангалардаги ёзувлар маданий ва сиёсий мазмунга эга бўлиб, халқ орасида ҳукмдорнинг нуфузини мустаҳкамлаган. Яъни Шайбонийлар даврида эпиграфик матнларда учраган “адл” (адолатли), “ширмард” (қаҳрамон) каби иборалар давлат забтининг ҳақиқийлигини ва ҳокимиятнинг қонунийлигини англатган.


     Дипломатиянинг “тили”


    Шайбонийлар даврида ташқи савдо алоқалари кенгайди, Россия билан илк дипломатик муносабатлар ўрнатилди. 1558 йилда Бухорога англиялик савдогар ва дипломат Энтони Женкинсон ташриф буюрди. Танга ва пул тизими нафақат ички бозорда, балки халқаро савдода ҳам муҳим аҳамият касб этган, яъни дипломатиянинг “тили” бўлган. Бу жараёнда кумуш ва мис тангалар асосий ҳисоб воситаси сифатида хизмат қилди.


     Аштархонийлар давридаги иқтисодий ўзгаришлар


    1599 йилда Аштархонийлар ҳокимиятга келгач, танга зарб қилиш анъанаси давом этди. Аммо бу даврда Бухоро хонлигида иқтисодий муаммолар ортиб борди. Шу билан бирга, тангалар дизайнида маълум янгиликлар кўзга ташланди: ҳукмдор номи рамка ичида жойлаштирилди, Тангаларда араб тилидаги иборалар сақланиб қолди, аммо тилдаги халқоналик кучайди. Бу эса маданий муҳитнинг тараққиётидан дарак беради.


    Бу тангалардаги эпиграфика нафақат иқтисодий аҳамиятга, балки сиёсий ва маданий мазмунга ҳам эга бўлди. Хутбада ҳукмдор номи тилга олиниши қандай аҳамиятли бўлса, тангаларда ҳам шу даражада муҳим талаб сифатида қонуний ҳокимият белгиси акс эттирилди.


    Шайбонийлар ва Аштархонийлар давридаги тангалар тарихий жараёнларни ўрганиш учун бой манба бўлиб, улар иқтисодий барқарорлик, давлатчилик анъаналари ва маданий муҳитнинг ёрқин кўрсаткичи ҳисобланади. Танга ва муҳрлардаги ёзувларни ўрганиш орқали ўша давр сиёсий идеологияси, диний қарашлари ва савдо йўллари ҳақида қимматли маълумотлар олиш мумкин. Шу жиҳатдан нумизматика илмий тадқиқотлар учун беқиёс манба бўлиб қолмоқда. Шу боис Ислом цивилизацияси марказидаги экспозиция тангалар ва муҳрлар орқали ўтмишни билишга чорлайди.

 

     Уларнинг ёрдамида биз:


➖ ўша даврдаги иқтисодий барқарорликни,


➖ ҳокимиятнинг қонунийлигини,


➖ савдо йўллари ва дипломатик алоқаларни,


➖ халқнинг диний ва маданий қарашларини ўргана оламиз.




 

Дурдона Расулова

P/S :Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.