Ўзбекистон Қуръоншунослик марказига айланиши кутилмоқда: халқаро мутахассислар Тошкентда!
🔴 Ноёб экспозиция: тарихий Қуръон нусхалари замонавий технология билан уйғунлашмоқда
🔴 Қуръон тарихига янгича назар: музейда интерактив экспозициялар тайёрланмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган “114 Қуръон” лойиҳаси доирасида халқаро ҳамкорлик ва илмий муҳокамалар фаол давом этмоқда.
Жумладан, Истанбул Университети профессори Эмек Ушенмез ҳамда Австриянинг “Myuller&Shiller” компанияси вице-президенти Александр Вилгелм ва компания мутахассислари билан қўшма ишчи учрашув ўтказилди. Музокараларда Қуръони карим қўлёзмаларидаги хато ва камчиликларни аниқлаш, уларни илмий жиҳатдан текшириш ҳамда экспозицияга жойлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мутахассислар таъкидлашича, Қуръон нусхаларини музей экспозицияларига жойлаштириш жараёни нафақат ташқи дизайн, балки илмий асос, тарихий аниқлик ва мазмуний мукаммалликни ҳам талаб этади. Халқаро тажрибага эга экспертлар билан ҳамкорликда ушбу жараённинг юқори сифат ва самарадорликда тақдим этилиши муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ислом цивилизацияси маркази вакиллари маълум қилишича, “114 Қуръон” лойиҳаси якунида нафақат тарихий қўлёзмалар, балки замонавий технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар ҳам намойиш этилади. Бу ташриф буюрувчиларга Қуръон тарихи, унинг турли нусхалари ва илмий тадқиқотлари ҳақида янада чуқурроқ тасаввур ҳосил қилиш имконини бериши кутилмоқда.
Мазкур йирик лойиҳа якунлангач, Ислом цивилизацияси маркази музейи нафақат Ўзбекистонда, балки бутун минтақада Қуръоншунослик йўналишидаги энг нуфузли марказлардан бирига айланиши кутилмоқда.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа