Унутилган маърифатпарварлар ва илк олима аёллар номи қайта тикланади!
🔴 Туннел ичида тарих: ХХ аср Ўзбекистонига интерактив саёҳат
🔴 Жадидлар, қатағон қурбонлари ва мустақиллик қаҳрамонлари — барчаси бир жойда!
Ўзбекистон халқи сўнгги бир аср мобайнида турли даврларни, турли тузум ва тизимларни, сиёсий ўзгаришларни бошдан кечирди. Чор Россияси босқини, совет даври, мустақилликнинг дастлабки йиллари – ҳар бир босқич ўз синовлари билан халқ тақдирига таъсир кўрсатди. Аммо барча даврларда халқимиз мардона қиёфаси, ор-номуси, маданий мероси ва иймон-эътиқодини асраб қолди.
“Ўзбекистон – улкан табиий захиралар, иқтисодий ва инсоний салоҳиятга бой мамлакат. Аммо, Яратганнинг ўзи ато этган яна бир бебаҳо бойлигимиз борки, у ҳам халқимизнинг беқиёс интеллектуал ва маънавий салоҳиятидир”, — деган эди Президент Шавкат Мирзиёев.
Мана шу маънавий бойликни янада анқроқ ёритиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясида “Ўзбекистон ХХ асрда” номли махсус бўлим яратилмоқда. Унда мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар, маърифатпарварлар ва жадид мутафаккирларнинг миллат тараққиёти йўлидаги кураши, собиқ совет давридаги қатағонлар, ХХ асрнинг 50–80 йилларидаги илмий, маданий ва иқтисодий ўзгаришлар, мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар атрофлича ёритилади.
Тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Бахтиёр Хасанов, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, профессор Жаннат Исмоилова, шунингдек, Россиянинг “Сила Света” компанияси мутахассислари ва тарихчи олимлар иштирокида ўтказилган муҳокамаларда жадидлар ва Туркистон маърифатпарварларининг халқни уйғотиш йўлидаги фаолияти кенгроқ акс эттирилиши зарурлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, собиқ совет даври сиёсий воқеалари, қатағонлар қурбонлари, маданият ва илм-фандаги ютуқлар, мустақиллик йилларида давлат рамзлари, диний қадриятлар ва мудофаа тизими ривожини кўрсатиш бўйича таклифлар билдирилди.
– Экспозицияда фақат машҳур жадидлар эмас, балки кенг жамоатчиликка камроқ маълум бўлган маърифатпарварлар ҳам ёритилиши, айниқса, илм-фан соҳасидаги аёллар фаолияти алоҳида ўрин олиши керак, – дея таъкидлади Бахтиёр Ҳасанов.
Муҳокамалар сўнгида экспозиция тарихий манбаларга асосланган ҳолда замонавий талқин ва интерактив ечимлар билан бойитилиши, турли даврларнинг ёрқин шахслари ва воқеалари халққа янгича руҳда тақдим этилиши юзасидан келишувга эришилди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа