500 йиллик миниатюра: вақтни йўққа чиқарган тасвир ва сиз кўрмаган Темурий ҳукмдорлар зиёфати

 

🔴 Мир Саййид Али Термизийнинг мўъжизаси

 

🔴 Сукунатдаги тарихий диалог


    Баъзан битта тасвир бутун бир сулоланинг ҳаёти ва сиёсий-маданий қиёфаси ҳақида қимматли ҳужжат бўлиши мумкин. Бундай асарлар бугунги авлод учун ўтмишни англаш, қадриятларни қайта кашф этиш воситасига айланади.


    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясида турли даврларни акс эттирган миниатюраларга ҳам алоҳида ўрин ажратилган. Мана шундай тасвирлардан бирида Темурийлар сулоласи ҳукмдорлари акс эттирилган бўлиб, Мир Саййид Али Термизий қаламига мансубдир. Рассом турли даврларда яшаган Темурий ҳукмдорларини битта зиёфат саҳнасида акс эттирган.


    Миниатюрада  олтин рангли осмон, дарахтлар, қушлар парвози ва орқа фонда хизмат қилаётган кишилар саҳнани бойитиб туради. Бу нафақат бадиий эстетикани, балки маданий муҳитни ҳам намоён этади. Саҳнадаги ҳар бир шахс исми  ёнида ёзиб қўйилгани эса асарнинг ҳужжатлик қимматини янада оширади.

 

    Боғ айвонида ўтирган Ҳумоюн Мирзо, унинг қаршисида эса Акбар, Жаҳонгир ва Шоҳжаҳонлар тасвирланган. Кейинчалик ундаги юз қиёфаларининг кўпчилиги қайта ишлангани, яъни бошқа Бобурий ҳукмдорларни тасвирлаш учун янгидан бўялганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд.


    Айвондан ташқаридаги чап томонда Султон Парвиз, ўнг томонда эса шаҳзода Хусрав жой олган. Ўнг томонида Абу Бакр, Бойсунғур ва Шоҳрух Мирзо тасвирланган. Чап томонда айлана бўлиб ўтирган беш шахс – Бобур Мирзо, Умар Шайх Мирзо, Султон Абу Саид Мирзо, Султон Муҳаммад Мирзо ва Мироншоҳни бир сафда кўриш мумкин.




    Айни пайтда Британия музейида сақланаётган миниатюранинг бир қисми йиртилган бўлса-да, энг муҳим бўлаклари сақланиб қолган. Йўқолган қисмида раққосалар ва мусиқачилар сарой ўйин-кулгиларини ижро этаётгани тасвирланган деган тахминлар ҳам мавжуд. Марказ экспозициясининг Бобурийлар сектори учун миниатюранинг тўлиқ талқини санъатшунослик бўйича фалсафа доктори Беҳзод Ҳожиметов бошчилигида 40 га яқин рассомлар томонидан чизилди. Бундан ташқари, ундаги  Бойсунғур Мирзо ва Шоҳрух Мирзо тасвирлари  асосида муляжлари ҳам тайёрланмоқда. Бу тасвирнинг жонли талқини Темурийлар  давридаги маданий юксалиш билан бирга тарихий мероснинг беқиёс хазинаси бўлиб қолмоқда. Миниатюра ўзининг олтин осмони ила ҳамон сукунатда тарих ҳақида сўзламоқда.