Тошга муҳрланган тарих
🔴 Халқимиз тарихи ва эътиқодларидан сўзловчи манба
🔴 Маънавий мерос ва уни сақлашнинг долзарблиги

Қадимги Чоч қоятош расмлари бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Исломдан аввалги давр цивилизацияси бўлимидан ўрин олиши кутилаётган бўлиб, халқимиз маънавий меросининг тирик гувоҳи сифатида намойиш этилмоқда. Ушбу қоялардаги тасвирлар инсониятнинг илк маънавий ижоди сифатида жаҳон маданий меросининг муҳим қисми ҳисобланади. Чоч петроглифлари - ғарбий Тяншан (Тангритоғ) қояларида акс этган. Уларда қадимий инсонларнинг турмуш тарзи, овчилик ва чорвaчилик фаолияти, диний эътиқодлари, урф-одатлари ҳамда ижтимоий муносабатлари акс этган. Шу боис улар “тошга битилган тарих” сифатида қимматли манба бўлиб хизмат қилади. Марказий Осиё ҳудудида, хусусан, Тошкент воҳасидаги Чоч қояларидан топилган тасвирлар нафақат маҳаллий аҳамиятга, балки жаҳон цивилизацияси тараққиётида ҳам катта ўринга эга. Бу тасвирлар Франциядаги Ласко, Испаниядаги Альтамира ёки Озарбайжоннинг Қобустон ёдгорликлари қаторида инсоният санъат меросининг бир бўлагидир.
Илк тадқиқотлар ва ёдгорликларнинг ўрганилиши
Чоч қояларидаги тасвирлар ҳақида дастлабки маълумотлар XIX аср охирида қайд этилган. 1879 йилда рус олими Д.М. Граменицкий Хўжакент қояларидаги расмлар ҳақида ёзади, кейинроқ С.А. Лидский улар ҳақида қўшимча маълумотлар келтиради. XX асрнинг 40–50-йилларидан бошлаб изчил экспедициялар ўтказилиб, кўплаб ёдгорликлар аниқланди. Г.В. Парфёнов, Х.А. Алписбоев, М.М. Хўжаназаров каби олимлар бу соҳада катта ишлар қилди. Хусусан, М. Хўжаназаров 1990-йилларда махсус монография тайёрлаб, Чоч қоятош расмларининг илмий таснифини яратди. Бу тадқиқотлардан аён бўлишича, Чоч қояларидаги тасвирлар милоддан аввалги IV–III минг йилликдан то милодий ўрта асрларгача бўлган даврни қамраб олади.
Тошкентдан 70 км шимолий-шарқдаги Хўжакент қояларида 90 дан ортиқ расмлар қайд этилган. Уларнинг асосий қисми ов манзаралари ва ҳайвонлар тасвирларидан иборат бўлиб, айниқса тоғ эчкилари кўп учрайди. Расмлар орасида одам тасвирлари ҳам топилган бўлиб, улар қўллари кенг ёйилган, камон кўтарган ёки маросимий ҳолатда акс эттирилган. Айниқса, қояларда учта аёл сурати аниқлангани Марказий Осиё қоятош санъатида ўта нодир топилма ҳисобланади. Тадқиқотчилар бу тасвирларни неолит–энеолит даврига мансуб, деб баҳолайдилар. Хўжакент қояларидаги тасвирлар нафақат турмуш тарзи, балки қадимий жамиятнинг диний эътиқодлари ва урф-одатларидан ҳам хабар беради.
Ғазалкент яқинидаги Қорақиясой дарасида 1000 дан ортиқ тасвир топилган бўлиб, улар мазмун жиҳатидан жуда бой ва ранг-барангдир. Уларда ов жараёнлари, туя ва от карвонлари, арaвалар, рақс ва маросим саҳналари, қоплон, бўри каби йиртқич ҳайвонлар, турли геометрик ва астрономик белгилар тасвирланган. Қорақиясой расмлари Чоч воҳасининг йирик савдо йўллари устидан ўтганидан далолат беради. Карвон ва савдо манзаралари бу ерда иқтисодий ҳаёт анча ривожланганини, одамлар турли йўналишларда маданий ва савдо алоқалари олиб борганини кўрсатади. Шунингдек, маросим ва рақс саҳналари орқали қадимий аҳоли маънавий ҳаёти ҳамда диний эътиқодлари ифодаланганини кўриш мумкин.
Бошқизилсой қояларида 600 дан зиёд тасвирлар учрайди. Улар орасида ов саҳналари, ҳайвонлар, айниқса тоғ эчкилари ва қоплоннинг жанг саҳналари, турли маросимий ҳаракатлар алоҳида ажралиб туради. Белдерсой қояларида эса овчилар, ҳайвонлар ва одамлар образлари кўпчиликни ташкил қилади, айримларида эса рақс саҳналари тасвирланган. Бу расмлар орқали Чоч аҳолисининг маънавий ҳаёти, эстетик дунёқараши ва турли маросимлари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
Маънавий аҳамият ва бугунги вазифалар
Чоч қояларидаги расмлар асосан икки усулда яратилган: тош юзасига урилган ёки ўйиб чизилган петроглифлар ва табиий бўёқ – охра билан чизилган тасвирлар. Улар баъзан оддий, схематик шаклларда, баъзан эса мураккаб композицияларда намоён бўлади. Масалан, ов саҳналарида одамлар, итлар ва ҳайвонлар биргаликда ҳаракатда акс эттирилган. Бу тасвирлар қадимий жамият ҳаётининг жонли гувоҳи сифатида аҳамият касб этади.
Чоч қоятош расмлари нафақат археология, балки этнография, санъатшунослик ва тарих фанлари учун ҳам муҳим манба ҳисобланади. Уларнинг маданий аҳамияти жуда катта, чунки улар халқимиз тарихий хотирасини сақлайди, миллий ўзликни англаш ва ёш авлодни тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, бу ёдгорликлар туризм ва маданий дипломатияда ҳам катта аҳамият касб этади.

Бироқ бу санъат асарлари табиий омиллар (шамол, ёмғир, қуёш нурлари) ва инсон фаолияти (туризм, қурилиш) сабабли йўқолиш хавфи остида турибди. Шу боис бугунги кунда уларни муҳофаза қилиш, рақамлаштириш ва жаҳон ҳамжамиятига танитиш долзарб вазифага айланган.
Қадимги Чоч қоятош расмлари халқимиз маънавий дунёси ва тарихий хотирасининг тирик гувоҳи ҳисобланади. Уларда милоддан аввалги минг йилликлардан то илк ўрта асрларгача бўлган ҳаёт, турмуш ва эътиқодлар тасвирланган. Бу ёдгорликларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш, муҳофаза қилиш ва жаҳон ҳамжамиятига танитиш нафақат миллий, балки умуминсоний бурчдир. Чунки қоятош расмлари инсониятнинг умумий тарихини, унинг маданий меросини англашда беқиёс аҳамият касб этади.
Дурдона Расулова
P/S : Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди