Руҳингиз озод, қалбингиз бой бўлишини истайсизми?
🔴 Сирли хазина маскани Тошкентда!
🔴 Илм севувчилар учун сенсация!

Инсоният цивилизациясининг энг улкан мероси, инсон хотираси ва орзуларининг муқаддас уйи, ўтмишнинг сўзлари, бугуннинг фикрлари ва келажакнинг умидлари яшайдиган, дунё ҳикматлари, инсон тафаккури хазинаси бўлган, ҳар бир инсонга минг йиллик тажрибани бир дақиқада англаш имконини берадиган маскан, сирли хазина макони ҳақида билишни истайсизми?
Инсонни тор доирадаги ҳаётдан чиқариб, бутун оламга назар солишни ўргатадиган манба нима? Албатта бу китоблар. Улар орқали ўтмишдаги буюк зотлар билан мулоқотга киришиб, турли миллат ва маданиятлар билан танишамиз. Бу эса инсон руҳини озод қилади, унинг қалбини бойитади. Демак, инсон руҳини озод қиладиган маскан бу — кутубхонадир.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шундай масканлардан бири бўлиши кутиляпти. Ушбу кутубхона 300 нафар китобхонни бир вақтнинг ўзида қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, 50 мингга яқин қўлёзма ва асарларни жамлаш салоҳиятига эга.
Кутубхонанинг асосий очиқ фонди 56 300 нусха нашрлар жойлаш сиғимига эга. Улар таркибида:
✔️ Шарқ ва Ғарб коллекцияси
✔️ Фан соҳаларига оид адабиётлар
✔️ Брайл алифбосидаги нашрлар
✔️ Дин, диншунослик
✔️ Маълумотнома нашрлар
✔️ Болалар адабиёти
✔️ Китоб альбомлар
✔️ Марказ музей йўналишларидаги (Исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанслар, Янги Ўзбекистон) адабиётлар бор.
Алоҳида қайд этиш керакки, дунё миллардерларидан бири бўлган ҳамюртимиз Алишер Усмонов томонидан Марказ кутубхонасига қиймати 8 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 4 918 номдаги нодир китоблар коллекцияси совға қилинган.
Кутубхона мутолаа зоналари, медиа ҳудуд, олимлар учун майдон, дам олиш жойи, мустақил ишлаш учун, имконияти чекланган шахслар учун алоҳида ҳудудлар, электрон кутубхона, болалар хонаси, илмий изланувчилар учун нусха олиш ва яшил майдондан иборат.
3105 квадрат метр майдонни эгаллаган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасида замонавий технологиялар билан жиҳозлаш ишлари жадал суръатда олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасига қимматли ва нодир китобларни кўчириш жараёнлари бошлангани ҳақида хабар берган эдик.
Айни пайтда 35 мингдан ортиқ китобни Марказ кутубхона фондига жойлаштириш ва тизимлаштириш ишлари жадал суръатда қизғин олиб борилмоқда.
Бу масъулиятли жараёнда турли илмий муассасалар ва ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари иштирок этмоқда. Жумладан:
▪️ Тошкент давлат Шарқшунослик университети
▪️ Тошкент ахборот-технологиялари университети
▪️ “Билим” ва “Турон” ахборот-кутубхона марказлари
▪️ Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мутахассислари томонидан Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси ходимларига амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Бирдамлик ва масъулият намунаси
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхона бўлими раҳбари Равшан Қодировнинг таъкидлашича: “Бу юксак маънавий ва илмий аҳамиятга эга масканда китобларни жойлаштириш ва тизимлаш жараёнида кутубхоначилар аҳиллик ва масъулият билан фаол иш олиб бормоқда. Ҳамжиҳатлик туфайли кичик техник муаммолар ҳам биз учун тўсиқ бўла олмади — аксинча, бирдамликни мустаҳкамлаб, олдинга интилишга янада куч бағишлади. Илм ва маърифатга муҳаббат бор жойда тараққиётга йўл очилади. Бу кутубхона яқин келажакда барчамиз учун фахр ва руҳий бойлик манбаига айланиши муқаррар”.
Тўғри, бугун бу ерда фақат китоб жойлаштирилаётгани йўқ — балки билимлар, тажриба ва масъулият ҳам бир маконда уйғунлашмоқда.
Бебаҳо хазина қўриқчилари
Азалдан китоб фондини кўчириш, жойлаштириш, электронлаштириш ва ҳужжатлаш каби жараёнлар катта масъулият талаб қилади. Бу жараёнда тажрибали кутубхоначиларнинг билим ва маҳорати ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
“Хурсандчилигим ичимга сиғмаяпти Ислом Цивилизацияси Маркази кутубхонаси халқимиз учун илм ва зиёни, маданият ва маърифатни тарқатувчи бетакрор, бебаҳо, ўхшаши йўқ масканга айланишига оз қолди. Кутубхоначилар бирлашса бўлди, ҳар қандай катта “бойликни” (фондни) кўчирамиз, ажратамиз, жойлаймиз, безатамиз!” — дейди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий Кутубхонаси директори Умида Тешабоева.
Бу сўзларда нафақат меҳр, балки фидойилик, касбга бўлган юракдан муҳаббат ва масъулият акс этмоқда. Ҳақиқатан ҳам, кутубхоначилар учун китоб фонди — оддий жисмоний жиҳоз эмас, балки маънавий бойлик, халқнинг хазинасидир.
Ислом цивилизацияси маркази нафақат ислом меросини, балки умуминсоний илм ва маънавиятни ҳам жамлаётган буюк маскандир. Бу марказ халқимиз, айниқса, ёш авлод учун билим ва илҳом манбаига айланиши шубҳасиз. Шундай экан, руҳингиз озод, қалбингизни бой бўлишини истасангиз, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бу борада сизга асқотади. Бир сўз билан айтганда эса, Тошкентдаги ушбу сирли хазина маскани илмни, мутолаани севувчилар учун сенсация бўла олади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа