Таъсирчан хотира: Темурийлар юрагидаги сирли малика мероси Ўзбекистонда жонланади

🔴 Ўтмишдан келган нур  


🔴 XV аср гумбазлари ортида нималар яширинган?



 

    Темурийлар даври меъморий анъаналарини ўзида мужассам этган бебаҳо тарихий ёдгорлик ўтмиш билан бугунги кун ўртасидаги маънавий кўприк вазифасини ўтайди. Бу тарихий ёдгорлик Темурийлар даври меъморчилигининг бетакрор намуналаридан бири бўлиши билан бирга жуда кўп сирли ҳақиқатларга гувоҳ ҳам бўлган. 

 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида алоҳида ўрин олган ёдгорликлардан бири — Ҳиротда жойлашган Гавҳаршодбегим мақбарасидир. Бу мақбара нафақат Темурийлар даври меъморий анъаналарини ўзида мужассам этган бебаҳо тарихий ёдгорлик, балки ўтмиш билан бугунги кун ўртасидаги маънавий кўприк вазифасини бажаради. 


    Гавҳаршодбегим мақбараси — Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида Мусалло мажмуасидадир. ХV асрда қурилган бу иншоот Темурийлар сулоласи аъзолари учун хилхона бўлиб хизмат қилган. Мақбара Гавҳаршодбегимнинг буюртмасига кўра, ўлимидан анча аввал, 1438-йилда меъмор Қавомиддин Шерозий томонидан қуриб битказилган. Бу ерда Гавҳаршодбегимдан ташқари унинг укаси Амир Сўфи Тархон, ўғли Муҳаммад Жўкий, набиралари Султон Муҳаммад ва Алоуддавла, чевараси Иброҳим ҳам кўмилган. Бу ерга Шохрух Мирзо ҳам қисқа муддат дафн этилган, кейинроқ унинг хоки Самарқанддаги Гўри амирга кўчирилган. Ушбу меъморий обида Ҳазрат Навоий мақбараси ёнида жойлашган.


    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси учун маърифатпарвар аждодларнинг хориждаги мақбаралари лойиҳаси доирасида ушбу мақбаранинг ҳам макети тайёрланиши кутиляпти. 

 

     Шахсияти ва тарихдаги ўрни


    Гавҳаршодбегим Темурийлар сулоласининг энг нуфузли ва таъсирчан аёлларидан бири сифатида тарихда катта из қолдирган. Унинг номи илму маърифатга эътибори, ободончилик ва меъморий иншоотлар бунёдидаги ҳиссаси билан боғланади. Самарқанд, Ҳирот ва бошқа шаҳарларда барпо этилган кўплаб мадрасалар, масжидлар ва ижтимоий иншоотлар айнан унинг ташаббуси ва ғамхўрлиги билан қурилган. Шу маънода, мақбара унинг шахсий ҳаёти ва сиёсий фаолияти билан чамбарчас боғлиқ маънавий ёдгорлик сифатида юксак қадрланади.

 

    Мақбара меъморий хусусиятлари


    Ҳиротдаги Гавҳаршодбегим мақбараси Темурийлар даври меъморчилигининг бетакрор намуналаридан бири саналади. Унинг меъморий ечимида мураккаб гумбазлар, сирли нақшлар, кўк рангли плиткалар билан безатилган сиртлар кўзга ташланади. Бу услуб Темурийлар давридаги зийнатли ва маънавий руҳни ифодалайди. Мақбара нафақат дафн маросимига мўлжалланган маскан, балки улуғворлик ва маънавият рамзи сифатида ҳам яратилган.

 

     Экпозициядаги аҳамияти

 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Гавҳаршодбегим мақбарасига бағишланган экспозиция унинг меъморий ва маданий аҳамиятини ёритишга қаратилган. Бу ерда мақбара макети, тасвирлари, тарихий манбалардан олинган маълумотлар ва илмий тадқиқотлар тақдим этилган. Экспозиция ташриф буюрувчиларга нафақат архитектуранинг нозик жиҳатларини, балки ўша давр маънавий муҳитини ҳам ҳис этиш имконини беради. Шу тариқа, мақбара Ислом цивилизациясининг ривожланиши, Темурийлар давридаги маданий уйғониш жараёни ҳақида ёрқин тасаввур уйғотади.

 

    Маънавий ва маданий мерос


    Гавҳаршодбегим мақбараси бизнинг кунларгача фақат меъморий ёдгорлик сифатида эмас, балки маънавий мерос тимсоли сифатида ҳам етиб келган. Унда исломий илм, маданий тараққиёт ва маърифатпарварлик ғоялари ўз аксини топган. Марказ экспозициясида ушбу мақбаранинг тақдим этилиши мамлакатимиздаги бой тарихий меросни нафақат маҳаллий аҳолига, балки халқаро жамоатчиликка ҳам етказишга хизмат қилади.


    Гавҳаршодбегим мақбараси — Ислом цивилизацияси марказида муносиб ўрин олган бебаҳо тарихий ёдгорлик. Унинг экспозицияда намоён қилиниши ўтмиш билан бугунги кун ўртасида маънавий боғлиқликни янада мустаҳкамлайди. Бу мақбара нафақат Темурийлар даври меъморий мероси, балки ўзбек халқи тарихий хотирасининг ҳам муҳим қисмидир.


Дурдона Расулова

P/S :Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.