Асрлар оша келаётган меъморий мўъжиза
🔴 Ноёб услубга эга тарихий ёдгорлик
🔴Бухородаги Минораи Калон ёки Вобкент минорасидан қолишмайдиган меъморий обида

Ўзбекистон замини тарихий ёдгорликларга бой. Ана шундай бетакрор обидалардан бири Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида жойлашган. Ноёб қурилиш услубига эга, Қуръон оятлари билан безатилган ушбу тарихий меъморий ёдгорлик Бухородаги Минораи Калон ёки Вобкент минораси қаторида сайёҳлар учун қимматли манзиллардан биридир.
Ўзбекистондаги мегалойиҳада ўз ўрнини топган макет
XII асрда, аниқроғи, 1108–1109 йилларда Салжуқийлар сулоласи ҳукмдори Султон Санжар даврида қурилган Сурхондарёдаги машҳур Жарқўрғон минорасининг лойиҳасини моҳир меъмор Али ибн Муҳаммад Сарахсий ишлаб чиққан. Миноранинг пастки қисмидаги куфий хатларда ҳам айнан шу маълумотлар битилгани тарихчилар томонидан тасдиқланган.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида яратилаётган 80 дан ортиқ тарихий макетлар орасида Жарқўрғон минораси макети ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. У замонавий технологиялар асосида, археологик ва меъморий ўлчовларга таянилган ҳолда тайёрланмоқда.
Ноёб қурилиш услуби
Жарқўрғон минораси бошқа миноралардан ўзининг ғаройиб меъморий ечими билан ажралиб туради. У саккизбурчакли пойдеворга эга бўлиб, танаси 16 та ярим устун билан безатилган. Бу устунлар минора танасига гўё тўқилган матодек кўриниш бериб туради. Ғиштлар вертикал ва горизонтал тарзда терилгани эса ажойиб нақшлар ҳосил қилган.
Бу усул “гофр” деб аталади ва Шарқ меъморчилигида жуда кам учрайди. Шу боис Жарқўрғон минораси меъморий жиҳатдан алоҳида қимматга эга.
Қуръон оятлари билан безатилган минора
Миноранинг юқори қисмида “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” ҳамда “Тавба” сурасининг 18-ояти куфий хати билан ғиштлар орасига нақшланиб ёзилган. Бу ҳолатдан маълум бўладики, иншоот фақат меъморий ёдгорлик эмас, балки муқаддас илоҳий макон сифатида ҳам кўрилган.
Баландлиги 50 метрга етган мўъжиза
Тарихий манбаларга кўра, Жарқўрғон минораси дастлаб 42–50 метр баландликка эга бўлган. Вақт ўтиши, турли табиий офатлар ва инсон омиллари туфайли унинг бир қисми вайрон бўлиб, ҳозирда 21,6 метри сақланиб қолган. Пастки қисми 5,4 метр, юқори қисми эса 4,1 метр диаметрига эга. Ички қисмида айланма зинапоя бўлиб, ундан махсус эшик орқали кирилган.
Сайёҳлар учун қимматли манзил
Жарқўрғон минораси – Бухородаги Минораи Калон ёки Вобкент минораси қаторида Ўрта Осиё меъморчилигининг ёрқин намунаси. Унинг декоратив ечимлари ва геометрик нақшлари Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистон меъморчилиги билан муштаракликка эга.
Ҳозирда минора давлат муҳофазаси остида бўлиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг қизиқиш билан томоша қиладиган масканларидан бирига айланган.
Гўзал Бекназарова
P/S: Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди