Бир шоир, бир ихтиро ва бир миллатнинг мусиқа тарихи…
🔴Ўтган асрда Хоразмда яратилган ўлмас код ҳақида эшитганмисиз?
🔴Халқ мусиқасини йўқолишдан ким асраб қолган?

Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида “Комил Хоразмий” медиалойиҳаси доирасида унинг меросини тарғиб қилиш, экспонатлар, муляжлар ва мультимедиа маҳсулотлар яратиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу аллома номи ва ижодини кенг оммага етказишда муҳим қадам бўлмоқда.
Марказий Осиё, хусусан, Хоразм замини асрлар давомида кўплаб улуғ алломалар, олим ва ижодкорларни дунёга танитди. Бу юртдан етишиб чиққан Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Замахшарий, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур каби улуғ сиймолар инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. XIX асрда Хоразм маданий ва маънавий ҳаётининг равнақи эса Муҳаммад Раҳимхон Феруз номи билан чамбарчас боғлиқ бўлди.
Феруз хонликда маърифат ва санъатга кенг йўл очиб берди, кўплаб шоир ва олимларни сарой атрофига тўплади. Ана шу маърифат муҳитида шоир, давлат арбоби ва мусиқашунос Муҳаммадниёз Комил (Комил Хоразмий) яшаб ижод этди. Унинг номи, айниқса, ўзбек миллий нота ёзуви – “танбур чизиғи” ихтироси билан тарихга абадий муҳрланди.
Ҳаёти ва сиёсий фаолияти
Комил Хоразмий 1825 йилда Хивада туғилган. Отаси Абдулла Охунд мадрасада дарс берган. Ёшлигидан илм ва шеъриятга қизиққан Комил Хоразмий аввал эски мактабда, сўнг Хива мадрасаларида таҳсил олди. Таълим олиш жараёнида форс ва араб тилларини пухта ўрганди, шеър ёзишга қизиқди ва тез орада эл орасида машҳур шоирга айланди.
Унинг шеъриятдаги тахаллуси “Комил” бўлиб, ғазал ва қасидаларида ватан, маърифат, адолат ва инсонпарварлик ғоялари етакчи ўрин тутди. Комил Хоразмий фақат шоир эмас, балки хаттот ва таржимон сифатида ҳам кўплаб асарларни халқка етказди.
Комил Хоразмий сиёсий ҳаётда ҳам фаол бўлиб, Хива хонлигида мирзабоши лавозимигача кўтарилди. 1873 йилда Россия қўшинлари Хивага юриш қилганида у сулҳпарварлик сиёсати тарафдори бўлиб чиқди. Айнан Комил Хоразмийнинг дипломатик фаолияти туфайли Хива хонлиги тўлиқ йўқ бўлиб кетишдан асраб қолинди ва халқ оммавий қирғиндан қутулиб қолди.
Шу боис унинг фаолияти ўша даврда ҳам рус тарихчилари (Ф. Лобосевич, Макгахан) томонидан, ҳам маҳаллий муаррихлар томонидан қайд этилган. Айрим манбаларда Комил Хоразмийнинг муросага мойиллиги танқид қилинса-да, амалда унинг ҳаракатлари юртни сақлаб қолишга хизмат қилгани тарихий ҳақиқатдир.
Миллий нота ёзуви – “танбур чизиғи”
XIX аср охирида Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) халқ куйларини қоғозга тушириш ғоясини илгари сурди. Бу вазифа Комил Хоразмийга юклатилди.
Комил Хоразмий 1873–1874 йилларда “танбур чизиғи” номли миллий нота ёзувини яратди. Унинг асосий хусусиятлари қуйидагилар эди:
▪️ танбур пардаларига мос ҳолда уфқий чизиқлар тузиш;
▪️ ҳар бир зарб ва ҳаракатни махсус нуқталар билан белгилаш;
▪️ юқори ва паст зарбларни ажратиш учун турли белгилардан фойдаланиш;
▪️ мақомларни хоналарга ажратиш орқали куйнинг тузилиши ва ритмини аниқ кўрсатиш.
Комил Хоразмий илк бор “Сегоҳ” мақомини шу усулда қоғозга туширди. Кейинчалик унинг ўғли Муҳаммад Расул Мирзабоши ушбу тизимни такомиллаштириб, бутун Шашмақомни ёзиб чиқди. Шу тариқа халқ мусиқаси тарихда биринчи марта ноталар орқали тўлиқ ҳужжатлаштирилди.
Хоразм мақомлари ва уларнинг аҳамияти
Хоразм мақомлари – ўзбек мусиқа меросининг энг юксак намунаси ҳисобланади. Улар нафақат халқнинг руҳий дунёси, балки миллий маданиятнинг узвий қисми сифатида юксак қадрланади.
Комил Хоразмийнинг “танбур чизиғи” орқали мақомлар қоғозга туширилгани уларнинг йўқолиб кетмаслигини таъминлади. Бу эса нафақат миллий мусиқа санъатини сақлаб қолиш, балки уни келгуси авлодларга етказишда беқиёс аҳамиятга эга бўлди.
Бугунги кунда ушбу ноталарнинг қатор нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Миллий архив, Давлат консерваторияси музейи ва турли шахсий тўпламларда сақланмоқда.
Комил Хоразмий ва хаттотлик санъати
Комил Хоразмий нафақат маърифатпарвар шоир, балки маҳорати баланд хаттот сифатида ҳам танилган. У XIX асрда Хива хонлигида яшаб, ўзининг нафис хат ёзиш санъати билан машҳур бўлган. Унинг хаттотлик маҳоратлари кўплаб қўлёзма асарларда, айниқса, илм-маърифатга бағишланган китобларда акс этган.
Комил Хоразмий кўплаб қўлёзма асарларни нусха кўчирган ва уларни хушхатлик билан безаган. Унинг хатлари нафақат аниқлиги, балки нафислиги билан ҳам эътиборга сазовор бўлган. Шунингдек, у ёзув услубларининг турли шаклларини ўзлаштириб, уларни такомиллаштиришга ҳисса қўшган.

Комил Хоразмий меросининг аҳамияти
Комил Хоразмий нафақат шоир ва давлат арбоби, балки халқ маънавиятини асраб қолган улуғ маърифатпарвар сифатида тарихга кирди. У яратган миллий нота ёзуви ўзбек мусиқаси тараққиётига катта туртки берди.
Шунингдек, унинг шеърлари, таржималари ва хаттотлик санъати ҳам халқ маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутади. Унинг ижоди XX асрда турли нашрлар орқали халққа етказилди, мактаб ва олий ўқув юртлари дарсликларига киритилди.
Комил Хоразмий шахсиятида миллатнинг юксак маънавияти, ватанпарварлик руҳи ва илмий-ижодий янгиликларга интилиши мужассам. Унинг “танбур чизиғи” номи билан машҳур миллий нота ёзуви ўзбек мусиқа маданиятини янги босқичга кўтарди.
Шу боис, Комил Хоразмий номи нафақат Хоразм, балки бутун ўзбек халқи маданияти тарихида абадий сақланади. Унинг мероси эса келажак авлодлар учун ҳам илҳом ва ифтихор манбаи бўлиб қолаверади.
Дурдона Расулова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди