Мамлакат бўйлаб моддий ва маънавий бойликларни аниқлаш мақсадида махсус экспедициялар ташкил этилади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Маданият вазирлиги, Маданий мерос агентлиги, “Ҳунарманд” уюшмаси ва Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.

 

Учрашувда марказ очилишига тайёргарлик, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги моддий ва маънавий бойликларни аниқлаш мақсадида экспедициялар ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.

 

Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ўз сўзида очилишга саноқли ойлар қолганини таъкидлар экан, бу йирик лойиҳани амалга оширишда хорижий музей ва ташкилотлар – Эрмитаж, Япониянинг Михо музейи, Британия кутубхонаси, Туркия ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик кенгайганини қайд этди.

 

"Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилишига саноқли ойлар қолмоқда. Бунинг учун барчамиз имкониятларни сафарбар этиб, зиммамиздаги вазифаларни сидқидилдан бажаримишиз керак. Бу борада Россия Давлат Эрмитаж музейи, Дин тарихи музейи, Япониянинг Михо музейи, Туркиядаги Тўпқопи саройи, Британия кутубхонаси сингари бир қатор хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қиляпмиз. Бу борада мамлакатимиздаги қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳам биз билан доимий ҳамкорлик қилмоқда. Бунинг учун барчага миннатдорлик билдирамиз", — деди Марказ раҳбари.

 

Маданият вазири Озодбек Назарбеков вазирлик тизимидаги барча муассасалар мазкур марказ экспозициясини мазмунан бойитишда фаол иштирок этишга тайёр эканини билдирди.

 

Учрашувда Эрмитаж музейида сақланаётган Ўзбекистонга мансуб ҳунармандчилик буюмлари нусхаларини яратиш, уларни экспозицияда намойиш этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. “Ҳунарманд” уюшмаси билан ушбу йўналишда амалий ҳамкорлик бошлангани маълум қилинди.

 

Шунингдек, мамлакат ҳудудларида сақланаётган моддий ва маънавий бойликларни аниқлаш учун тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат махсус экспедициялар ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.