Навоийга отилган тош ҳар бир ўзбекни сергак торттиради(ми?)


🔴 Тарих ва хотирани йўқотиш хавфи

 

🔴 Ҳурматсизликми ёки қайта қурилиш?


 

    Куни кеча ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг қўшни Афғонистондаги ёдгорлиги батамом бузиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Кўп ўтмай, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бу масала юзасидан Афғон ҳукумати билан боғланиб, вазият назорат остида экани ҳақида баёнот берди.

 

    Қайд этилишича, “Толибон”нинг бу ҳаракати қатор зиёлилар ва сиёсатчиларнинг ғазабини келтириб чиқарган. Уларнинг айтишича, “Толибон” нафақат бошқа миллатларнинг маънавий қадриятлари ва инсониятнинг тарихий фахрига эътибор бермаяпти, балки амалда мамлакатнинг маданий ва тарихий ўзлигини йўқ қилиш ва камситиш билан шуғулланмоқда.

 

    Шунингдек, Афғонистондаги ўзбек фаоллари 20 август куни муваққат ҳукуматнинг бу ишини қоралаб, баёнот билан чиққан. 20 га яқин жамоат ташкилотлари томонидан тайёрланган бу баёнотда Алишер Навоийнинг ҳайкалини бузиш “халқнинг умумий хотирасига ва Афғонистоннинг маънавий нуфузига нисбатан ҳужум” сифатида баҳоланган. Баёнотда халқаро ҳамжамиятни, маданий муассасаларни ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини Афғонистон халқларининг тарихий ҳамда маданий меросни ҳимоя қилиш учун дарҳол чора кўришга чақирилган. 

 

    Маълумки, Алишер Навоийнинг барельеф услубидаги бу ёдгорлиги 2008 йилда Мозори Шариф шаҳар ҳокимияти томонидан, унинг хотирасини ёдга олиш мақсадида ўрнатилган. 2020 йил декабрда Ўзбекистон делегацияси Афғонистонга ташриф буюриб, Ҳиротдаги Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш юзасидан музокаралар олиб борган, 2021 йилнинг май ойида бир гуруҳ ўзбек зиёлилари буюк мутафаккир мақбарасини зиёрат қилиб, шоир ижодига бағишланган халқаро анжуманда иштирок этиб қайтганди. 

 

    2021 йил 15 августда Афғонистон бошқаруви Толибон ҳаракати ихтиёрига ўтди. Орадан тўрт йил ўтган бўлса-да, жаҳон ҳамжамияти мамлакатнинг янги ҳукуматини тан олишга шошилмаяпти. Шунга қарамай, Ўзбекистон қўшни давлат билан муносабатларни ҳар томонлама ривожлантиришга ҳаракат қилиб келмоқда. Афғонистондаги тикланиш ишларига давлатимиз алоҳида эътибор қаратмоқда. Вақти-вақти билан бу давлатга инсонпарварлик ёрдамлари юбориб турилади. Халқаро майдонда Ўзбекистон раҳбарияти мунтазам равишда Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, бу давлатга ҳар жиҳатдан ёрдам бериш бўйича ўз таклифларини билдириб келади. 

 

    Агар тарихга мурожаат қилсак, Афғонистон Ғазнавийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Шайбонийлар ва бошқа туркий сулолалар даврида ўзбек давлатчилигининг салмоқли қисмини ташкил қилиб келган. Жумладан, Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий ташаббуслари билан бу ҳудудда жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. Бугунги кунда ўзбеклар Афғонистон аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил қилади. Ўзбек тили Афғонистонда ишлатилиши бўйича учинчи йирик тил ҳисобланади. Маълумотларга кўра, айни пайда бу юртда саккиз миллиондан ортиқ ўзбек истиқомат қилади. Мозори шариф эса Афғонистоннинг ўзбеклар зич яшайдиган саккизта йирик вилоятларидан бири - Балхнинг маркази ҳисобланади. 

 

    Ривоятларга кўра, маълум сабабларга кўра тўртинчи халифа Али ибн Абу Толиб (р.a.) нинг Ироқнинг Нажаф шаҳрида дафн қилинган жасад қолдиқлари душман томонидан таҳқирланмаслиги учун тарафдорлари томонидан бу ерга кўчириб келинган ва қайта дафн қилинган. Кейинчалик янги қабр устига салжуқийлар ҳукмдори Султон Санжар даврида мақбара тикланган. Шаҳарнинг энг йирик меъморий обидаси ҳисобланган. Темурийлар даврида, Султон Ҳусайн Бойқаро ташаббуси билан бу мажмуа кенгайтирилиб, йирик жомеъ масжиди бунёд этилган. Кейинчалик халқ орасида Мовий масжид номини олган бу мажмуа Мозори шарифнинг ташриф қоғозига айланган. Алишер Навоийнинг иниси Дарвеш Али маълум муддат Балх вилоятини бошқарган. Ҳазрат Навоий ўзлари ҳам бир неча бор Балх ва унинг атрофидаги шаҳар ва туманларда бўлиб, бу ҳудудларни обод этишда қатнашганлар.

 

    Ҳирот ва Хуросоннинг кўплаб шаҳарлари Навоий асарларида алоҳида тараннум этилади. Жумладан, “Ҳайрат ул-аброр” достонида Ҳирот васфига бағишланган алоҳида боб мавжуд. Ушбу бобда Навоий ўз она шаҳрини қанчалик севгани, уни дунёнинг энг гўзал шаҳарларига алишмаслигини айтади. Алишер Навоий умри давомида Ҳирот ва Хуросоннинг бошқа шаҳарларида 300 дан ортиқ турли иншоотларни қурдирган. Уларнинг аксарияти бугунга қадар етиб келган. Баъзилари Афғонистондаги ички урушлар даврида вайрон қилинган. Аслида, нафақат Балх ва унинг маркази Мозори Шариф шаҳрида, балки бутун Афғонистонда Ҳазрат Навоийга ҳар қанча ҳурмат эътибор кўрсатилса арзийди. 



 

    Мозори шарифда юз берган бу нохушликни чиндан ҳам Алишер Навоий сиймосига нисбатан адолатсизлик дейиш мумкин. 

 

    Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотига кўра, мазкур масала юзасидан расмий изоҳ олиш мақсадида “Толибон” муваққат ҳукумати вакиллари билан  боғланилган. Афғонистон ҳукуматининг жавобида айтилишича, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир учун янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги боис ёдгорлик маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташланган. Шу билан бирга, Навоий ёдгорлигининг бузилишида масъуллар Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишишмаган. Бундан ташқари, афғон расмийлари нафақат Ўзбекистон, балки Афғонистон халқи учун мўътабар бўлган Алишер Навоий хотирасини муносиб тарзда абадийлаштирилишини тасдиқлаб, буюк шоир ва мутафаккир шарафига алоҳида ёдгорлик барпо этишга ваъда берган. 

 

“Жумладан, Афғонистон вакиллари ҳудудни ободонлаштириш, шоир ҳаёти ва ижодий меросига оид маълумотларни ўз ичига олган ёзувларни тиклаш, амалдаги қарорларга мувофиқ янги ёдгорлик барпо этиш ҳамда у жойлашган майдонга буюк шоир Алишер Навоий номи қўйилиши режалаштирилганини маълум қилишди. Афғонистон томони бутун минтақа учун бирдек қадрли бўлган буюк мутафаккир хотирасини асраб-авайлаш борасидаги қатъий содиқлигини билдирган ҳолда унинг номини муносиб эъзозлаш учун барча зарур чоралар кўрилишини таъкидлади”, дейилади хабарда. 


    Албатта, жанубдаги қўшнимиз ҳисобланган Афғонистон билан муносабатларни яхшилаш ҳар икки томон учун ҳам муҳим. Ўзбекистон янги афғон ҳукумати ва халқига ҳар томонлама ёрдам бериб келади. Шундай экан, мамлакат раҳбарияти бу каби нохуш ҳолатлардан ўз вақтида хабардор бўлиши, ўзбек миллатининг буюк маърифатпарварлари хотирасига ҳурматсизлик қилинишига йўл бермаслиги лозим. 

 

Рустам Жабборов

P/S: Мақола ёзилаётганда, интернет сайтларида Афғонистон расмийлари Мозори Шарифдаги Алишер Навоий ёдгорлигини тиклашга киришишгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Жараёнларни кузатишда давом этамиз.